Кенг кўламли назорат ишлари амалга оширилди
Сирдарё вилоятида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда атмосфера ҳавосининг ифлосланишини олдини олиш мақсадида “Тоза ҳаво” тадбирлари изчил давом этмоқда.
Вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий инспекторлари томонидан 2025 йилда ўтказилган мазкур тадбирнинг 1–2-босқичлари доирасида кенг кўламли назорат ишлари амалга оширилди.

Назорат жараёнида жами 26 минг дона транспорт воситаси махсус газоанализатор ускуналари орқали текширилди. Натижада 169 та транспорт воситасидан чиқаётган чиқинди газлар миқдори белгиланган экологик меъёрлардан юқори экани аниқланди. Мазкур ҳолатлар бўйича қонунчиликка мувофиқ жами 32 миллион 353,5 минг сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилди ҳамда ушбу транспорт воситалари мажбурий техник кўрикдан ўтказишга юборилди.
Мутахассислар таъкидлашича, транспорт воситаларидан чиқадиган зарарли газлар атмосфера ҳавосини ифлослантириб, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, углерод оксиди ва азот бирикмалари нафас йўллари касалликларининг ортишига сабаб бўлиши мумкин.

– Бу борадаги назорат тадбирлари жорий йилда ҳам давом эттирилади. Атроф-муҳит ва ҳаво сифатига зарар етказаётган транспорт воситаларига нисбатан қатъий чоралар кўрилади, – дейди бошқарма бошлиғи ўринбосари Шуҳрат Нўъмонов.
Қайд этилишича, бундай тадбирлар орқали нафақат қонунбузарликларни аниқлаш, балки ҳайдовчилар ўртасида экологик маданиятни юксалтириш, транспорт воситаларини ўз вақтида техник назоратдан ўтказиш ишларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири