Кенг имконият, қулай шароит
Қашқадарё вилояти ўзининг гўзал ва бетакрор табиати, қулай иқлими, сархил мевалари, бой табиий ресурслари, унумдор ерлари билан тадбиркорликнинг барча йўналишларида кенг ва самарали фаолият олиб бориш имконини беради.
Қашқадарё вилояти ўзининг гўзал ва бетакрор табиати, қулай иқлими, сархил мевалари, бой табиий ресурслари, унумдор ерлари билан тадбиркорликнинг барча йўналишларида кенг ва самарали фаолият олиб бориш имконини беради.
Қарши шаҳридаги Шайхали қўрғончасида фаолият бошлаган “Аслбексофсавдо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аслиддин Раҳмонов ҳам тадбиркорларга яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, 785 минг АҚШ доллари кредит маблағи ҳисобига 1,5 гектар майдонда замонавий иссиқхона барпо қилди. Агротехник тадбирларнинг асосий қисми автоматик тарзда бажариладиган мазкур иссиқхонага экилган экспортбоп помидор нави баравж ривожланмоқда. Жамият аъзоларининг таъкидлашича, ҳосил янги йил байрами арафасида тайёр бўлади ва тўлиқ экспортга йўналтирилади. Ушбу самарали лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида ҳудуддаги 20 нафар йигит-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.


– Иссиқхоналарда помидор ва бодринг етиштириш бўйича узоқ йиллардан буён шуғулланамиз, – дейди “Аслбексофсавдо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Аслиддин Раҳмонов. – Орттирган тажрибамиз шуни кўрсатдики, бу йўналишда ҳар қандай замонавий технология жорий қилинмасин, она заминимиз тупроғида етиштирилганига етмайди. Масалан, иссиқхонамиз гидропоника усулида Корея технологияси асосида барпо қилинган. Дастлаб помидор ва бодрингларни ўша усулда экиб кўрдик, яъни махсус идишларда етиштирдик, лекин тупроқда етиштирилган таъмни бера олмади. Ҳамкорларимиз ҳам маҳсулотларимиз сифатидан қониқмади. Шу боис ҳозир ерга экяпмиз. Албатта, бу билан гидропоника усули ўзини оқламайди, демоқчи эмасман. Унинг ҳам афзалликлари кўп. Лекин унда экинга нима озуқа берсангиз, шуни истеъмол қилади. Тупроқда эса минерал ўғитлар хилма-хил. Келажакда ушбу йўналишдаги фаолиятимизни янада кенгайтиришни режалаштирганмиз.
Қарши шаҳрида хизмат кўрсатиш соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилда мазкур йўналишда жами қиймати 292 миллиард 700 миллион сўмлик 94 та лойиҳани амалиётга жорий этиш ва шу ҳисобидан 770 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Масалан, ёш тадбиркор Сардорбек Саидов жорий йилда 50 ўринли “Saroy Palace” номли меҳмонхонани ишга туширди ва у ерда меҳмонлар учун барча қулайлик мавжуд.


– Вилоятимизда кўплаб маданий мерос объектлари бор ва улар бугун сайёҳларни қизиқтирмоқда, – дейди Сардорбек Саидов. – Шу боис вилоятимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар сони йилдан-йилга ортмоқда. Шуни ҳисобга олиб кредит маблағи ҳисобига мўъжазгина меҳмонхона барпо қилдик. Бунинг эвазига 14 та иш ўрни яратилди. Бу ҳали ишларимизнинг дебочаси. Келажакда сайёҳлик йўналишларини белгилаб олиб, зиёрат туризмини ҳам йўлга қўйишни мақсад қилганмиз.
Кейинги йилларда вилоятда олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари боис, кўп миқдордаги қурилиш материалларига эҳтиёж сезилмоқда. Буни яхши англаган маҳаллий тадбиркорлар ҳам қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Масалан, Чироқчи туманидаги “Ground mix products” масъулияти чекланган жамияти жорий йилда фаолиятини бошлади. Айни пайтда корхонада 12 хил турдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиб, ички бозорга етказиб берилмоқда.


– Туманимизда қурилиш материалларини ишлаб чиқариш учун улкан салоҳият мавжуд, – дейди корхона иш бошқарувчиси Тўлқин Шаймонов. – Маҳсулотларимизнинг 7 хили қуруқ ва 5 хили суюқ қоришмалар бўлиб, қурилишда пардозлаш ишларида фойдаланилади. Корхонамизга 250 миллион сўм кредит маблағи эвазига замонавий технологияларни келтириб ўрнатганмиз. 4 та иш ўрни яратдик. Келажакда маҳсулот турини янада кўпайтириб, экспортга йўналтириш ниятидамиз.
Бу каби лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши, кўплаб янги иш ўринлари яратилиши ҳисобига аҳолининг бандлиги таъминланади, турмуши фаровонлашади, иқтисодиётимиз гуллаб яшнайди.