Келгуси авлодлар учун муҳим манба
Сирдарёда “Таъвилот ал-Қуръон” китобининг тақдимоти ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари, имом-хатиблар, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, профессор-ўқитувчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тақдимотда "Таъвилот ал-Қуръон” асари бўйича олиб борилган илмий изланишлар, уни таржима қилиш ва нашрга тайёрлаш босқичларида иштирок этган илмий жамоа аъзолари асарнинг бой мундарижаси, илмий қиймати ва тарихий аҳамияти тўғрисида маълумот берди.

Қайд этилишича, 2021 йил “Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази” нашриёти томонидан ўзбек тилида нашр этилган буюк аждодимиз фиқҳ ва мутакаллим олим Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий қаламига мансуб “Таъвилот ал-Қуръон” асаридан Қуръони каримнинг Фотиҳа сураси ҳамда 30-жузи таржимаси ва тафсири ўрин олган. Ушбу илмий тадқиқот юртимизда тафсир ва калом илми бўйича тарихий асл манбаларга таянган ҳолда қилинган илк ислом илоҳиётига оид янгилик бўлиб, таржимани имкон қадар енгил, тушуниш осон бўлган услубда халқимизга етказишга эътибор қаратилган.

Қуръони карим оятларининг таржимасини келтиришда Шайх Абдулазиз Мансур қаламига мансуб “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” асаридан кенг фойдаланилган. Мотуридийшунос олимлар доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий, профессор Юсуф Шавқий Явуз, доктор Ҳамза Бакрий ва бошқа уламоларнинг тавсияларига асосан Бекир Тўпал ўғли ва Аҳмад Вонли ўғли таҳқиқи остида нашр этилган нусха таржима ишининг асосий манбаси қилиб олинган.
Тақдимотда мазкур таржима иши аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини кенгроқ ўрганиш ва халқимизга етказишда муҳим қадамлиги, ушбу йўналишдаги ишларни узвий давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Шуҳрат Суяров. ЎзА