Келажакка қўйилган муҳим қадам
Мустақиллик фарзандларимизнинг замонавий билим олиб, ўз иқтидори ва қобилиятини эркин намоён этиши, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбия топиши учун яратилаётган шароитлар улуғ неъматимизнинг кундалик ҳаётимиздаги беқиёс аҳамиятини яққол намоён этмоқда.
Зеро, ёш авлодга берилган таълим ва тарбия нафақат бугуннинг, балки мамлакатимизнинг эртанги тараққиёти ва тақдирининг мустаҳкам пойдеворидир. Ўтган йиллар давомида мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларида улкан ўзгаришлар амалга оширилди. Айниқса, таълим тизимидаги янгиланишлар, ёшларга яратилаётган имкониятлар, мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчиларнинг меҳнатини қадрлаш борасидаги ишлар бугунги тараққиётимизнинг муҳим асосларидан бири бўлмоқда.
Таълим муассасасидаги ҳар бир ўзгариш, ҳар бир янги ташаббуснинг ортида юртимизнинг келажаги — ёш авлод тақдири жам бўлган. Бугунги ўқувчи эртага ўз касбининг етук мутахассиси ва жамиятнинг фаол аъзоси сифатида ватан тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган инсон бўлиб етишади. Шу боис мактабда нафақат сифатли таълим бериш, балки ёшларни ватанпарварлик, миллий қадриятларга ҳурмат, меҳнатсеварлик ва масъулият руҳида тарбиялаш ҳам энг муҳим вазифалардан бири.
Бугун бизга берилган катта имкониятлардан бири ёшларимиз учун яратилган кенг шароитлардир. Замонавий мактаблар, янги таълим технологиялари, хорижий тиллар ва ахборот технологияларини ўрганиш учун имкониятларнинг кенгайиши, турли танлов ва олимпиадаларда иштирок этиш учун яратилаётган шароитлар фарзандларимизнинг ўз иқтидорини намоён этишига хизмат қилмоқда.
Биз мактаб жамоаси сифатида ҳар бир ўқувчининг қобилиятини ривожлантиришга, унинг қизиқишларини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиламиз. Чунки ҳар бир боланинг қалбида катта орзу ва мақсад бор. Ўша орзуни рўёбга чиқариш учун унга билим, ишонч ва тўғри йўналиш керак. Ўқитувчи ва мактаб жамоасининг вазифаси эса ана шу ишончни мустаҳкамлаш, ёшларни эзгу мақсадлар сари йўналтиришдир.
Мустақилликнинг 35 йиллиги биз учун нафақат байрам, балки ўтган йиллар давомида эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, келгуси вазифаларни белгилаш учун ҳам муҳим фурсатдир. Мамлакатимизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, таълим ва илм-фанга бўлган эътибор ва ёшларга яратилаётган имкониятлар юртимизнинг янги тараққиёт босқичига кўтарилаётганидан далолат беради.
Шу билан бирга, эришилган натижалар бизга янада катта масъулият юклайди. Айниқса, педагоглар зиммасидаги жавобгарлик бугун ҳар қачонгидан ҳам юқори. Биз ёшларга нафақат фан асосларини ўргатамиз, балки уларнинг дунёқараши ва фуқаролик позицияси шаклланишига ҳам таъсир кўрсатамиз. Шу маънода, ҳар бир дарс ва тарбиявий тадбир келажакка қўйилган муҳим қадамдир.
Шундай улуғ айём арафасида барчамиз юртимизнинг бугунги тинчлиги ва осойишталигини қадрлаб, унинг равнақи учун янада фидокорона меҳнат қилишимиз зарур. Мустақиллигимизни асраш, қадрлаш ва унинг имкониятларини янги авлод камолига йўналтириш эса барчамизнинг шарафли бурчимиздир.
Жанар Алиева,
Халқ депутатлари Чимбой туман Кенгаши депутати,
тумандаги 17-сонли умумтаълим мактаби директори
ЎзА