Келажакка дахлдор ҳужжат
Ушбу ҳужжат лойиҳасида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигига ҳам қатор вазифалар юклатилган.
Президентимизнинг «Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони лойиҳаси қизғин муҳокамада.
Ушбу ҳужжат лойиҳасида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигига ҳам қатор вазифалар юклатилган.
Жумладан, агентлик таълим тизимига жавобгар бир неча ташкилотлар билан бирга умумтаълим мактабларининг 4-синфини тамомлаган ўқувчиларини келгусида ихтисослаштирилган синфларда ўқишини давом эттириш мақсадида саралаб олиш тизимини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши лозим.
Болалар бошланғич таълимни олганидан сўнг унинг у ёки бу фанга қизиқиши ва истеъдоди кўринади. Истеъдодни ривожлантириш учун зарур шароит керак. Ихтисослаштирилган синфларда ва мактабларда улар қизиққан фанларини чуқурроқ эгаллаш имкониятига эга бўлади.
Фармон лойиҳасидаги вазифа эса шундай истеъдодли болаларни саралаб олишнинг ҳамма учун тушунарли ва шаффоф тизимини яратишдир. Бунда ўқувчиларни ихтисослаштирилган синфларга қабул қилиш тартиби, топшириладиган ҳужжатлар, саралаб олиш тартиби ва ёмон натижа кўрсатган ўқувчиларни бундай синфлардан оддий синфларга кўчириш тартиблари белгиланади. Албатта, бу тартибларни ишлаб чиқишда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга ўқувчиларни қабул қилиш тажрибасидан фойдаланишни режалаштирганмиз.
Ҳужжатда белгиланган вазифалардан бири – ёшларнинг олимпиадаларда иштирокини таъминлашга оид. Ўқувчиларимиз ҳар йили мамлакатимиз доирасида ташкил этиладиган олимпиадаларда иштирок этадилар. Республика босқичи ғолиблари эса нуфузли халқаро олимпиадаларда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар.
Фармон лойиҳасига кўра, умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар мактаблари ўқувчилари ўртасида фан олимпиадаларини ташкил этишни такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқилади.
Ўқувчиларимизнинг халқаро олимпиадаларда иштироки шуни кўрсатмоқдаки, ёшларимизни бундай мусобақаларга тайёрлаб бориш керак. Халқаро олимпиадаларда бизнинг таълим тизимимизда ўқитилмайдиган мавзулар ҳам бор. Уларни бу мавзулар билан таништириб бориш билан бирга, олимпиада қоидалари билан ҳам бохабар этиш керак.
Халқаро фан олимпиадаларда терма жамоа аъзоларининг муваффақиятли қатнашишини таъминлаш мақсадида тегишли ташкилотлар иштирокида «Иқтидорли ёшлар маркази»ни ташкил этиш режалаштирилган. Бу марказда ўқувчилар ва тренер ўқитувчилар маълум вақт бирга ишлашади ва олимпиадаларга тайёргарлик кўришади. Марказ уларга яшашлари ва ўқув машғулотларини ўтказишлари учун зарур шароит яратиб беради. Бу орқали биз ёшларимизнинг халқаро олимпиадаларда муваффақиятли иштирокларини таъминлашни режалаштирганмиз.
Кейинги асосий вазифамиз Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг фаолиятини такомиллаштиришдан иборатдир.
Айни пайтда юртимизнинг турли ҳудудларидаги 4 та Президент, 9 та ижод ва 3 та ихтисослаштирилган мактабларда 3397 нафар ўқувчига юқори малакали ўқитувчилар томонидан билим берилмоқда. Тизимга кирувчи мактабларнинг сонини ошириш бўйича вазифалар белгиланган.
Агентлик тизимига кирувчи Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблари ташкил этилганига унчалик кўп бўлгани йўқ. Президент мактабларида хориж дастурлари ва дарсликларидан, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда эса асосан умумтаълим мактаблари дастур ва дарсликларидан фойдаланилади.
Ижод мактаблари ўқувчилари учун юртимизнинг етакчи адабиётшунос олимлари томонидан ихтисослик фанлари бўйича дарсликлар тайёрлаш ишларини жаддалаштириш бўйича чоралар кўрилади. Чет тили (инглиз, француз, немис тиллари) дарсликлари илғор хорижий давлатларнинг нуфузли нашриётларидан харид қилинади.
Шунингдек, ижод мактаблари тармоғини кенгайтириш назарда тутилмоқда. Жумладан, 2021 йилда Термиз шаҳрида Рўзи Чориев номидаги, Бухоро шаҳрида Мухтор Ашрафий номидаги, Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги ижод мактабларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Ҳилола УМАРОВА,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори