“Келажак лидерлари” давлат хизматига шай
Давлат бошқаруви академиясида Давлат хизматини ривожлантириш ва Ёшлар ишлари агентликлари ҳамкорлигида “Келажак лидерлари” махсус дастури тингловчиларига сертификатлар топширилди.
Ёшларни мазкур дастур асосида ўқитишдан олдин унинг учун республика бўйлаб корхона, ташкилот, идоралардан 800 нафар номзод тавсия этилди. Шулардан уч босқичли синов асосида танлаб олинган 50 нафар тингловчи 2 ой мобайнида турли соҳалар бўйича ўқитилди.

Жумладан, улар лидерлик, жамоани шакллантириш, тайм-менежмент, лойиҳа бошқаруви, стратегик таҳлил, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш каби фанлардан сабоқ олишди.
Пилот тарзида ишга туширилган ушбу махсус дастур ёшларнинг компетенциясини ривожлантирди. Бу эса янги Ўзбекистон учун янги давр кадрларини шакллантиришда муҳим хусусиятни кашф этди.

Тадбирда берилган маълумотларга кўра, айни кунларда тингловчиларнинг лавозимда ўсиш модели устида иш олиб борилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА