“Келажак драматурглари” лойиҳасига старт берилди
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ билан ҳамкорликда театр санъатида ижодий ҳамкорликни ривожлантириш ва иқтидорли ёш драматургларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Келажак драматурглари” лойиҳаси доирасида илк ижодий семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 1 июн куни мамлакатимиз адабиёт, маданият ва санъат намояндалари, ижодкорлар ҳамда соҳа мутахассислари билан ўтказган учрашуви соҳани ривожлантиришда муҳим тарихий воқеа бўлди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид миллий адабиётимиз ривожига ҳисса қўшган заҳматкаш ижодкорлар ҳақида саҳна асарлари яратиш бугун долзарб экани, бу жарёнда драматурглар, истеъдодли ёшлар фаол изланишлари зарурлигини таъкидлади.
“Келажак драматурглари” ижодий лойиҳаси Президентнинг “Маданият, санъат ва адабиёт соҳаларини янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириқлари ва Адабиёт ва ноширлик ижодий бирлашмасининг иш режаси ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этди.
Лойиҳанинг асосий мақсади – мамлакатимизнинг сифатли ва истиқболли ижодкорларини аниқлаш, уларнинг салоҳиятини ошириш ҳамда миллий драматургияни янги, мазмундор асарлар билан бойитишдан иборатдир.
– “Келажак драматурглари” лойиҳаси ёш ижодкорлар учун катта майдон ва имкониятдир. Бизнинг асосий мақсадимиз – миллий адабиётимиз намояндаларининг бой мероси ва ибратли ҳаёт йўлини бугунги саҳна тилига кўчиришдир, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосари Фарида Афрўз. – Лойиҳага ажратилган маблағ ёш драматургларимизни ҳам моддий, ҳам маънавий томондан қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Умид қиламизки, ушбу семинарлар натижасида театрларимиз репертуари замон билан ҳамнафас, бадиий юксак ва ижтимоий аҳамиятга эга янги асарлар билан бойийди».
Лойиҳа доирасида саралаб олинган 25 нафар ёш драматургга 25 та атоқли ўзбек адиблари ва шоирларининг ҳаёти ҳамда ижодига бағишланган янги миллий пьесалар ёзиш буюртма қилинади. Яратилган саҳна асарлари кейинчалик мамлакатимиз театрларида саҳналаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тавсия этилади.
[gallery-31979]
Лойиҳанинг Экспертлар гуруҳи аъзоси, “Театр ва кинодраматургия” кенгаши раиси Усмон Азим ушбу жараённинг муҳимлигига тўхталиб, шундай дейди:
– Драматургия – адабиётнинг энг мураккаб ва масъулиятли турларидан бири. Бугунги ёшларга ватандош адибларимиз ҳаёти ҳақида песа ёзиш масъулияти юклатилмоқда. Экспертлар гуруҳи сифатида биз ёшларга пьесанинг конфликт тизими, сюжет қурилиши ва саҳнавий мантиқи бўйича яқиндан кўмаклашамиз, уларга устозлик маслаҳатларини бериб борамиз.
Лойиҳа координатори ва ишчи гуруҳ аъзоси Шоди Отамуроднинг сўзларига кўра, семинарлар икки босқичда ташкил этилиб, 2027 йилнинг март ойига қадар давом этади. Ишчи гуруҳ томонидан тадбирнинг ташкилий, услубий ва ахборот таъминоти тўлиқ йўлга қўйилган бўлиб, саралаб олинган иштирокчилар учун соҳанинг энг етакчи драматурглари, режиссёрлари ва театршунослари иштирокида маҳорат дарс ҳамда амалий машғулотлар ўтказилиши режалаштирилган.
Семинарда иштирок этаётган ёш драматург Бобур Ҳамроев ўз таассуротлари билан ўртоқлашди:
– Бундай кенг миқёсли лойиҳада иштирок этаётганимдан жуда мамнунман. Буюк адибларимизнинг ҳаёт йўлини ва ижодини саҳна асарлари орқали томошабинга етказиш – биз, ёш драматурглар учун ҳам шараф, ҳам катта масъулиятдир. Устозларимиз тавсиялари асосида томошабинлар қалбидан жой оладиган юксак савиядаги песалар яратишга бор куч-ғайратимизни сарфлаймиз.
Лойиҳа якунида яратилган саҳна асарлари кенг жамоатчилик ва мутахассислар иштирокида муҳокама қилиниши кўзда тутилган.
Н.Усмонова, Ў.Ҳайитов (сурат), ЎзА