Кексаларни эъзозлаш эзгу фазилат
Бухоро вилояти Пешкў туманида вилоят ҳокимлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ҳамда туман ҳокимлиги ҳамкорлигида «Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – халқимизга хос эзгу фазилат» шиори остидаги «Кексалар ҳафталиги» доирасида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини Маҳалламерон қишлоғида яшовчи 101 ёшли Шоди ота Саноев хонадони бўлди. Ўсмирлиги иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келган отахоннинг умри қишлоқда, собиқ “Октябрь” колхозида сувчилик, бригадирлик, чўпонлик билан ўтган. Фронт орти заҳматкашлари сафида балоғат ёшига етмасидан оғир меҳнатга кўниб, рўзғорининг барча қийинчиликларини ўз бўйнига олган.
Турмуш ўртоғи Малика ая Иззатова билан қўша қариш бахти насиб этган Шоди бобонинг 12 фарзандидан бугунга келиб бири вафот этган бўлса, қолганлари халқ хўжалигининг турли жабҳаларида ишлаб, ҳаётда ўз йўлини топиб, айни кунда ўз оилавий сулолаларига асос солишгани ҳам ҳақиқат.
Табаррук хонадони қўни-қўшни, ёшлар, жамоатчилик вакиллари билан гавжум бўлган отахон ҳаёт йўли ҳақида гапириб берди. Бугун Шоди бобо ва унинг турмуш ўртоғи Малика аянинг 67 нафар невараси, 29 нафар эвараси, 8 нафар чевараси бор.
Бир йилда бу оиладагиларнинг ўнга яқин тўй–маъракаси ўтаётган бўлса, барчасида отахон-онахон давранинг тўрида қўллари дуода бўлади.
– Ҳозирда қарийб 600 та хонадон, 864 та оила ва жами 3,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, Шоди бобо ва Малика ая сингари маҳалламизда табаррук 80 ёшдан ошган 87 нафар отахон-онахонимиз умргузаронлик қилмоқда, – дейди “Дўстлик” МФЙ раиси Жўрақул Остонов.
––Уларнинг ҳолидан кунда-кунора хабар олиб, ҳар турли эҳтиёжларини ўрганиб, фарзандлари қаторида мадад қўлини чўзяпмиз. Пенсия ёшига етган ва 80 ёшгача бўлганлар сони эса 72 нафарни ташкил этмоқда. Албатта, улар бизнинг файзимиз, дуогўйларимиз, шу боис туман ҳокимлиги билан ҳамжиҳатликда “Кексалар ҳафталиги”да уйма-уй юриб, уларни йўқлаб, мурожаатларига қулоқ тутмоқдамиз.
[gallery-4217]
Шу куни «Пешкў» маҳалла фуқаролар йиғини Хўжа Пешкў қишлоғида яшовчи 101 ёшли Шодмоной буви Тоҳированинг ҳам хонадони жамоатчилик вакиллари ва ёшлар билан тўлди. Табаррук ёшига нисбатан тетик ва нигоҳи теран кўринувчи онахон барчани дуо қилиб, юртимизга тинчлик-осойишталик, ҳар қандай кўнгилсизлик ва бало-қазодан омонда юришни тилади.
Бунда туман ҳокимлиги масъуллари ва маҳалла вакиллари иштирокида 10 дан ортиқ фарзанд, 100 дан ортиқ невара ва 20 ортиқ чеваралар ардоғида бўлган нуронийлар ҳолидан хабар олинди. Тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларга эсдалик совғалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Тиббиёт бирлашмасининг 34-сонли оилавий поликлиникасида кекса ёшдаги отахон ва онахонлар учун бепул тиббий кўрик ташкил қилинди. Ҳудуддаги «Гулистон», «Пешкў» ва «Камолот» маҳалла фуқаролар йиғинларининг жами 10 минг 500 нафар аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб келаётган мазкур оилавий поликлиникаси томонидан ҳафталик доирасида 400 нафардан ошиқ нафақа ёшидаги фуқаролари тиббий кўрикка жалб қилинган.
Туман марказидаги “Равшанобод” маросимлар уйи ҳам шу куни ички ишлар идоралари сафида хизмат бурчини ўтаб нафақага чиққан фахрийлар ва ёшлар билан гавжум бўлди. Бунда ташкил қилинган “Уч авлод учрашуви”да вилоят “Нуроний” кенгаши раиси Самойдин Ҳусенов ва бошқалар юртимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракат, ҳудудда турли кўнгилсиз ҳодисалар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар олдини олишда ва маҳаллаларни ҳар қандай нохушликдан холи масканга айлантиришда эришилаётган ютуқлар, бунда шахсий таркиб вакиллари, зобит ва сержантлар жонбозлиги хусусида тўхталди.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари гувоҳи бўлган бу воқеа-ҳодисалар “Кексалар ҳафталиги” доирасида Пешкў туманида ташкил этилган тизимли чора-тадбирларнинг бир кўриниши эди.
Бундай саъй-ҳаракат айни кунда ҳудудда кенг қулоч ёйган. Ҳаётда кўпни кўрган отахон-онахонларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар тажрибасидан фойдаланиш нуқтаи назаридан мақсадга мувофиқ ишдир.