Кексаларни эъзозлаш — азалий қадрият
Мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсон қалбида инсонийлик, меҳр-мурувват, бағрикенглик каби ижобий хислатлар жой олган. Кексалари улуғланган юртда барака бўлади, дейди доно халқимиз.
Ўзбекистон халқ шоири Охунжон Ҳаким «Нуронийси бор хонадоннинг девори нурамайди», - деган гапни айтганда чиндан ҳақ эди. Халқимизнинг улуғ қадриятларидан бири ҳам ёши улуғ инсонларга, кексаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг кўп йиллик ҳаётий ва меҳнат тажрибалари асосидаги қадрли маслаҳатларидан баҳраманд бўлиш ва дуоларини олиб юришдир.
Улкан ишлар ва улуғ мақсадлар йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни нуронийларнинг маслаҳати, дуолари билан бошлаймиз, уларнинг ҳаётий тажрибаларига таянамиз. Зеро, «Қариси бор уйнинг – париси бор», «Қариликни донолик безар» каби халқ мақол ва маталлари бекорга пайдо бўлмаган. Ана шу қадрият, олижаноб фазилат бугун давлатимиз сиёсатида ҳам ўз ифодасини топганлиги барчамизга маълумдир.
Бугун мамлакатимизда ёши улуғ, жамият тараққиётига озми-кўпми ҳисса қўшган кексалар алоҳида ардоқланмоқда, ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Чунки бу анъана ҳам асли қадрият, меҳр-муҳаббатнинг мезонидир.
Юртимизда нуронийларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилаётганлиги, уларнинг саломатлигини асраш ва ҳаётий тажрибаларидан унумли фойдаланиш келажагимиз эгалари бўлмиш ёшларимизнинг порлоқ келажагини таъминлашга ҳам хизмат қилади.

Ёшларимиз Ватанимиз келажагининг эгалари, кексаларимиз эса бугунги осуда, фаровон ва тинч ҳаёт кечиришимизга бевосита хизматлари сингган ҳамда бугун қурган улкан биноларимизнинг пойдеворларини мустаҳкам бўлишига замин яратган мўътабар инсонлардир. Шу азиз ватанда туғилиб, осуда ва тинч умр кечираётганлигимиз, ёшларимиз иззатда, кексаларимиз ҳурматда яшаётган ушбу диёрда инсоний орзуларга етишаётганлигимиз ҳар биримизда фахр ва ифтихор туйғусини уйғотади.
Бугун ЎзМУ Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Камолиддин Мирзааҳмедовнинг ташаббуси ва бевосита ҳомийлигида Ўзбекистон Миллий университетида мазкур илм даргоҳида бир неча йиллар давомида меҳнат қилиб, ўз билими, куч-ғайратини ушбу университет равнақи йўлида сарф этган, фарзандларнинг маънавий баркамол инсон бўлиб улғайишларига улкан ҳисса қўшган илм оталари бўлмиш фахрий устозлар, профессор-ўқитувчилари бир пиёла чой ва бир чўқим ошга таклиф этилди.

Олий ўқув юртининг нуфузи ва салоҳиятини юксалишида беминнат хизмат қилган кекса устозлар бир-бирлари билан ширин дийдорлашдилар. Тадбир муносабати билан университетга ташриф буюрган устозлар, фахрий ўқитувчилар, меҳмонлар университет раҳбарияти ва жамоаси томонидан кутиб олинди.
Тадбирни ЎзМУ ректори Иномжон Мажидов кириш нутқи билан очиб берди. Шундан сўнг, Журналистика факультетининг фахрийси, профессор Мухтор Худойқулов, Математика факультети профессори Азиз Ворисов, Физика факультети доценти Неъмат Норқулов сўзга чиқиб, йиғилганларга ўзларининг самимий тилакларини ва миннатдорчиликларини билдиришди.

Бу даргоҳ не-не маърифат дарғаларига бешик бўлмаган дейсиз, қанчадан-қанча олимларнинг қутлуғ қадамларидан зиёланиб турадиган даргоҳ шу куни ўзгача ёлқинланди. Фахрий устозларнинг ташрифи олийгоҳни ўзгача файзга буркади, ҳар бир ёш шогирдлар кўнглида илм чироқлари ёрқинроқ порлагандек бўлди. Чунки бу кун билим боғининг боғбонлари кўнглини олиш, суҳбатидан баҳраманд бўлишдек бахт барчамизга насиб этган эди.
Мухтасар қилиб айтганда, ватанимиз равнақи, унинг келажаги бўлмиш ёш авлодни муносиб даражада тарбиялашда, шунингдек бой тарихимизнинг ўчмас саҳифаларини, аждодларимизнинг буюк меросини, қадрият ва урф-одатларимизни келажак авлодга етказишда ўзининг матонати, иродаси билан фидойилик қилаётган кекса авлод вакилларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаб, қадрига етиш, асраб авайлаш, турли шарт-шароитлар яратиш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиздир.
Равшан ОМОНОВ,
Ўзбекистон Миллий университети
Журналистика факультети ўқитувчиси.
Аббос МЎМИНОВ,
Ўзбекистон Миллий университети
III босқич талабаси.