Кексаларимизга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилмоқда
Мамлакатимизда кексаларни ҳурмат қилиш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Халқимизда “Қариси бор уйнинг париси бор”, деган ибратли гап бор. Дарҳақиқат, кексалари бор хонадонда қувонч, файзу барака, хотиржамлик ҳукм суради. Кексаларга эҳтиром, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш эса неча минг йиллардан буён яшаб келаётган боқий қадриятларимиздан ҳисобланади.
Давлатимиз томонидан эса кексаларни эъзозлаш, ижтимоий муҳофазалаш борасида алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келинмоқда.
Янги йил байрами арафасида ҳам невара-ю эваралар қуршовида кексалик гаштини сураётган иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олинмоқда.
Навоий вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов Нурота туманидаги Амир Темур маҳалласида истиқомат қилувчи 2-жаҳон уруши қатнашчиси Мавлон бобо Адизов хонадонига ташриф буюрди ва Президентимизнинг байрам табригини ўқиб берди. Бобога байрам совғаси ва “Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги” кўкрак нишонини топширди.
Ўзаро суҳбат чоғида юртимизда ҳар бир ислоҳот “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётганлиги таъкидланиб, бугунги дориломон кунларга шукроналик келтирилди.
Шунингдек, вилоят ҳокими Ғозғон шаҳрида истиқомат қилувчи 102 ёшни қаршилаган Турсунқул бобо Эргашев ҳолидан ҳам хабар олди ва Президент табриги ва Янги йил совғасини топширди.
Дарҳақиқат, кексаларимизга кўрсатилаётган ҳурмат ва эҳтиром, уларнинг саломатлигини асраш ва ҳаётий тажрибаларидан унумли фойдаланиш келажагимиз эгалари бўлмиш фарзандларимизнинг эртанги куни янада порлоқ бўлишини таъминлашга хизмат қилади.
Абдували Бўриев, ЎзА