"Кексалар саломатлиги" ойлиги
Кексаларни қадрлаш, уларга ҳурмат кўрсатиш азалий қадриятларимиздан ҳисобланади. Республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилаётгани каби Сирдарё вилоятида ҳам жорий йил 20 августдан 20 сентябргача "Кексалар саломатлиги" ойлиги тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Мирзаободда "Кексалар саломатлиги" ойлиги доирасидаги тадбирларга туман ҳудудида истиқомат қилаётган, кексалик гаштини сўраётган отахон ва онахонлар, 55 ёшдан ошган қатлам вакиллари қамраб олиниб, уларнинг саломатлик кўрсаткичлари туман тиббиёт бирлашмаси, вилоят даволаш-профилактика муассасаларидан борган тор доирадаги мутахассислар томонидан чуқурлаштирилган ҳолда ўрганилди.

– Туман тиббиёт бирлашмамизнинг кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкил этилган тиббий кўрик жараёнларига 100 нафардан ошиқ нуроний ташриф буюриб, улар саломатлиги чуқурлаштирилган ҳолда ўрганилди,– дейди туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Анвар Ўролов.– Қолаверса, Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Сирдарё вилояти туман бўлинмаси ходимлари, оила шифокорлари ва патронаж ҳамшираларимиз томонидан соғлом овқатланиш тарғиботи тадбири ҳам ташкил этилиб, нуроний отахон ва онахонларга, ёши катта кишиларга инсон ҳаёти ва фаолияти учун керакли бўлган фойдали, улар саломатлигига акс таъсир этадиган зарарли егуликлар тўғрисида маълумот ҳам берилди.

Ўтказилган тиббий кўрик давомида нуронийлардан 82 нафари невропатолог кўригидан ўтказилиб, уларнинг 54 нафарига амбулатор, 2 нафарига стационар, кардиолог кўригига ташриф буюрган 70 нафар нуронийдан 67 нафарига амбулатор, 3 нафарига стационар шароитда даволаниш учун тавсия ва маслаҳат берилган бўлса, тор доирадаги мутахассислар томонидан эса зарур амалий ёрдам кўрсатилди.
"Кексалар саломатлиги" ойлиги доирасида ўтказилаётган саломатлик акцияси жорий йилнинг 20 сентябрига қадар давом этади. Ана шу вақтда бор эътибор кексаларга ҳурмат кўрсатиш, уларнинг саломатлик билан боғлиқ муаммоларини ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш масалаларига қаратилади. Бу каби тадбирлар, Сирдарё вилоятидаги барча туман, шаҳар тиббиёт бирлашмалари, уларга қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникаларда ўтказиляпти.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири