Кексалар ҳаёти ёшлар учун сабоқ
Юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Кексалар ҳафталиги” доирасида Самарқанд вилоятида нуронийларни эъзозлаш, уларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган тадбирлар ташкил этилмоқда.
Маҳаллаларда улуғ ёшдаги нуронийлар, шунингдек, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида яшаётган кексалар ҳолидан хабар олиниб, улар учун хайрия тадбирлари, спорт мусобақалари, саёҳатлар ҳамда нуронийлар ва ёшлар учрашувлари ўтказилмоқда. Кексалар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийларга ногиронлик аравачалари ва бошқа реабилитация воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари берилмоқда.
– Анъанага кўра, маҳаллалар ва таълим муассасаларида “Кексаларнинг ҳаёти – биз учун ибрат”, “Уч авлод учрашуви”, “Нуронийлар – ёшлар нигоҳида”, “Қўша қариш саодати” каби маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиб, нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибаси ва ибратли ҳаёт йўли ёшларга намуна қилиб кўрсатилмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Шуҳрат Негматов. – Бу тадбирларга ажрим ёқасига келиб қолган оилалар вакиллари ҳам таклиф этилиб, бутун умр бирга яшаб келаётган нуронийлар ўз ҳаёти мисолида оилани мустаҳкамлаш, турмуш ташвишларини эр-хотин биргаликда енгиб ўтиши юзасидан маслаҳат ва тавсиялар бермоқда.


Бундан ташқари, ҳафталик давомида нуронийлар учун музейлар, театрлар ва зиёратгоҳларга саёҳатлар ташкил этилмоқда. Бунинг учун тегишли идоралар томонидан чегирмалар ҳам эълон қилинган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири