Кексалар дуоси саодат калитидир
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти шахсий таркиби томонидан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда.
Жумладан, институт ходимлари Бектемир туманида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси 1926 йилда туғилган Саидали ота Матисоқовнинг хонадонига ташриф буюрди. Меҳмонлар бутун умрининг мазмун моҳиятини ҳалоллик, садоқат, сабрда деб билган отахоннинг суҳбатларидан баҳраманд бўлди.


Саидали ота ҳозирги тўкин-сочин замонда шукроналик ҳисси билан яшашда, ҳалолликда, оиладаги тотувликда ҳикмат кўп эканини, каттаю кичикларга эътиборли, шавкатли, хушмуомалада бўлиш, ҳаётнинг паст баландини, оғир енгилини сабр-тоқат билан енгиш кераклигини насиҳат қилди. Узоқ умр кўришнинг сирлари айнан шу нарсаларга боғлиқлигини ҳаётий мисоллар билан тушунтирди. Халқимиз, юртбошимиз ва ИИВ ҳамда Малака ошириш институти шахсий таркибидан хурсанд бўлганини айтиб, кўпдан-кўп дуолар қилди. Кўрсатилган эътибордан уларнинг оила аъзолари ҳам миннатдор бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА