Кекса авлод вакиллари ҳаёти ва фаолияти ёшлар учун ибрат мактабидир
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши даврида кўрсатган жасорати, букилмас иродаси ва матонати, инсонпарварлик фазилатлари авлодлар учун муқаддас хотира ва одамийликнинг юксак намунаси бўлиб қолмоқда. Бугунги тинч ва осойишта, эркин ва фаровон ҳаёт учун азиз жонини фидо қилган аждодларимизнинг ёрқин хотирасини ёд этиб, уларнинг эзгу ишларини муносиб давом эттириш тинчликни буюк неъмат деб биладиган бағрикенг ва олийжаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.
Маълумотларга кўра, уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган бўлса, шундан 1 миллион 500 мингдан зиёди фронтга сафарбар этилган. Бу ўша пайтдаги халқимизнинг 22 фоизини, меҳнатга яроқли аҳолининг эса 40-42 фоизини ташкил этган.
Урушда ўзбекистонлик жангчилардан 500 мингдан кўпроғи – фронтга сафарбар этилганларнинг ҳар учтасидан бири ҳалок бўлди, 60 мингдан ортиқ ҳамюртимиз ногирон бўлиб қайтди.
Халқимиз уруш йилларида чинакам матонат ва жасорат кўрсатганлиги тарихдан аён. Юртимизга бир миллионга яқин киши эвакуация қилинган. Уларнинг 200 мингдан зиёди болалар бўлган. Юзлаб ўзбек оилалари бу болаларни ўз паноҳига олган. Тошкентлик Шомаҳмудовлар оиласи 14 нафар, каттақўрғонлик Самадовлар оиласи 12, бухоролик Жўраев ва Ашурхўжаевлар оиласи 8 нафардан болани ўз бағрига олган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Хотира бу шунчаки ўтмишни эслаш эмас, балки ундан сабоқ олишдир. Қадрлаш эса инсон, унинг ҳаёти ва меҳнатига юксак ҳурмат кўрсатиш демакдир. Шу маънода, бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам айнан инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Сўнгги йилларда юртимизда “инсон қадри учун” тамойили асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, таълим ва тиббиёт тизимини ривожлантириш, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишлардаги ишлар – буларнинг барчаси инсонни эъзозлашга хизмат қилмоқда. Бу эса Хотира ва қадрлаш кунининг мазмун-моҳияти билан узвий боғлиқдир.
Айниқса, уруш ва меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган эътибор, уларнинг ҳолидан хабар олиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ишлари халқимизга хос инсонийлик ва бағрикенглик фазилатларининг ёрқин ифодасидир. Бу анъаналар янги Ўзбекистонда янада мустаҳкамланиб бормоқда.
Шу билан бирга, тарихий хотирани асраш, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, тинчлик қадрини англатиш ҳам бугунги ислоҳотларнинг муҳим қисмига айланмоқда. Чунки ўтмишни билмаган халқнинг келажаги мустаҳкам бўлмайди.
Ҳар йилгидек, бу йил ҳам 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 16 апрелдаги “9 май – Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, Иккинчи жаҳон уруши йилларида фашизмга қарши курашларда қурбон бўлган ота-боболаримиз, истиқлол даврида Ватанимиз мустақиллиги ҳимояси йўлида жон фидо этган мард ўғлонларимиз хотираси ёд этилади. Бугунги кунда орамизда соғ-саломат яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади. Барча корхона ва ташкилотларда, таълим муассасаларида, маҳаллаларда турли маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбати ва учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг шонли умр йўли, меҳнат фаолияти ҳақида сўз юритилиб, ёшларга сўзлаб берилади. Бу эса ёш авлодни ватанпарвар инсонлар этиб камол топтиришда жасорат ва матонат мактаби бўлиб хизмат қилади.
Дарҳақиқат, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни оддий кун эмас, балки халқимизнинг юрагида муҳрланган тарих, сабоқ ва инсонийлик рамзидир. Бу кунда биз фақатгина ўтмишга назар ташламаймиз, балки бугунги тинч ҳаётимизнинг қандай қурбонликлар эвазига барпо этилганини яна бир бор теран англаймиз.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари миллионлаб инсонларнинг тақдирини ўзгартирди. Жанг майдонларида қаҳрамонлик кўрсатганлар, фронт ортида тинмай меҳнат қилганлар – барчаси бугунги осойишта кунларимизнинг сабабчиси. Улар кўрсатган жасорат ва сабр-бардош бугунги авлод учун ибрат мактаби.
Бугунги тинч осмон, барқарор ҳаёт ва кенг имкониятлар учун улар олдида қарздормиз.
А. Бўриев, ЎзА мухбири