Катта йўл бошидан ортга бир назар
Бу – Жиззах Президентнинг туғилган, кейин ишлаган жойи бўлгани учунгина эмас. Бунинг бошқа муҳимроқ сабаблари бор.
"Энг асосийси, бу ислоҳотлар натижасида халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришимиз керак".
(Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан)
Президентимизнинг алоҳида эътибори натижасида 2017-2019 йилларда Жиззах вилояти аҳолисининг турмуш тарзини янада яхшилаш, ёшларнинг билим олиши учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш мақсадида жами 11 та, шундан 1 та Президент қарори ҳамда 10 та Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишлари қабул қилинди.
Бу – Жиззах Президентнинг туғилган, кейин ишлаган жойи бўлгани учунгина эмас. Бунинг бошқа муҳимроқ сабаблари бор.
Масалан, Президентнинг 2018 йил 4 майдаги “Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2018-2020 йилларга мўлжалланган “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини яхшилаш” лойиҳаси амалга оширилаётир.
Вилоят аҳоли пунктларининг ярмидан кўпи марказлаштирилган сув таъминоти билан таъминланмаган. Ўтган асрнинг 70-80-йилларида қурилган марказлашган тармоқлар иншоотларининг аксарияти жуда эскириб кетгани оқибатида уларнинг қуввати 3 баробардан кўпга қисқарган.
Жиззах шаҳри ва 65 қишлоқдаги 1 минг 850 километрдан зиёдроқ ичимлик суви тармоқларининг 1 минг 182,9 километри ёки 64 фоизи реконструкцияга муҳтож.
Бундан ташқари, зарарсизлантирувчи ускуна ва қурилмалар йўқлиги туфайли аксарият ҳудудларда ичимлик сувининг юқори даражада ифлосланиши кузатилмоқда. Айни пайтда Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари аҳолисининг 46 фоизи давлат стандартларига мос бўлмаган, ичишга яроқсиз ер усти сув манбаларидан фойдаланиб келаётир.
Марказлашган сув таъминоти тармоғига уланганлар ҳам сувдан меъёрдагидай фойдаланаётгани йўқ. Вилоят ва туман марказларидаги кўпчилик уйларнинг юқори қаватларига сув чиқмайди. Кўп қишлоқларда сув маълум соатларда табақалаштириб берилади.
Бу соҳадаги узоқ йиллар тўпланиб қолган муаммоларни мамлакат раҳбариятининг кўмагисиз ҳал қилиб бўлмаслиги ҳаммага маълум ҳақиқат эди. Президент қарори шунинг учун ҳам қабул қилинди.
Ҳозир ушбу қарор асосида “Зарафшон дарёси сувидан фойдаланиш ҳисобига вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш тизимини яхшилаш” лойиҳаси амалга оширилаётир.
Лойиҳа бўйича Мирзачўлдан Самарқандгача умумий узунлиги 183 километр бўлган сув тармоғи, сув кўтариш ва тозалаш иншооти, 100 минг метр куб сиғимли сув сақлаш иншооти қурилмоқда. Қудратли насослар ёрдамида Зарафшон дарёсининг суви 102 метр баландликка кўтарилиб, ушбу тозалаш иншоотининг бунёд этилаётган махсус ҳовузларига ташлаб берилади.
Бу катта иншоот битиши билан Бахмал, Ғаллаорол, Ш.Рашидов, Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл туманлари ҳамда Жиззах шаҳрида яшовчи 860,7 мингдан зиёд аҳолининг ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланиши кўзда тутилган.
– Ушбу лойиҳа кўлами билан ҳам, долзарблиги билан ҳам вилоят ҳаётида тарихий аҳамиятга эга бўлди, – дейди кўп йиллар сув таъминоти тизимида раҳбарлик лавозимларида ишлаган меҳнат фахрийси, “Ўзбекистон Республикаси коммунал хизмат кўрсатиш аълочиси” Парда Шукуров. – Мен бутун фаолиятим давомида сув таъминотидаги муаммо қандай ҳал бўлишини ўйлаб юрардим. Бу жуда қийин, аммо ҳал этиш ўта зарур бўлган муаммо эди. Президентимизнинг эътибори билан аҳолини кўп йиллар қийнаб келган муаммо ҳал этилишига оз фурсат қолмоқда. Вилоят тарихида ичимлик суви тармоғида бундай катта иш қилинмаган. Мен вилоятимизда амалга оширилаётган ишлар кўламидан хулоса чиқариб комил ишонч билан айтаманки, Президентимиз Мурожаатномасидаги халқимиз турмушини яхшилаш, фаровонлигини ошириш учун белгиланган барча режалар тўлиқ амалга ошади.
Худди шундай Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига асосан Осиё тараққиёт банки маблағи ҳисобидан Жиззах шаҳрида бошланган канализация тизимини янгидан қуриш лойиҳаси жорий йилда якунланиши кўзда тутилган.
Йиллар давомида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ечими билан боғлиқ бундай катта ишларга мисоллар кўп. “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида Дўстлик туманининг Манас қишлоғида ҳамда Мирзачўл туманининг Гагарин шаҳарчасида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари шу заруриятдан келиб чиқиб амалга оширилди.
Манас ва Гагаринда амалга оширилган ишлар бутун республикамизга намуна бўлди. Бу икки манзилдаги ишлар ҳақида республикамиз матбуотида ҳам, хориж нашрларида ҳам кўп ёзилди. Манасга ҳам, Гагаринга ҳам республикамизнинг барча ҳудудларидан, хориждан меҳмонлар келиб, қилинган ишлар билан танишиб кетди.
Мирзачўлда, Манасда туғилиб вояга етган, аммо 25-30 йилдан буён хорижда яшаётган кишиларда бу ердаги ўзгаришлар катта ҳайрат уйғотди. Чунки улар бу ернинг илгари қай аҳволда бўлганини яхши биларди. Бугунги манзара мутлақо бошқача.
– Қариндошларим, синфдошларим орқали туғилиб ўсган шаҳрим –Гагариндаги янгиликлардан хабардор бўлиб тураман, – дейди Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳридан меҳмон бўлиб келган Баянжан Жумаханова. – Аммо бунчалик катта ўзгаришларни кўраман, деб хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Болаликда ҳар куни юрган мана шу марказий кўчани ҳам танимай қолдим. Назаримда, у жуда кенгайиб кетгандек. Кўп қаватли замонавий иморатлар қурилиб, икки ёнидаги эски деворлар, панжаралар, пастқам иншоотлар ўрнида яшил майдонлар, гулзорлар барпо этилибди. Бу ўзгариш биргина марказий кўчада эмас, бутун шаҳарда рўй бергани мени ҳайратга солди. Бир вақтлар мен билган, кўрган посёлка ўрнида бугун замонавий, кўркам ва чиройли шаҳар қад ростлабди.
Энг муҳими, бу тажриба бошқа ҳудудларда муваффақиятли давом эттирилди. Вилоятда 2018-2019 йиллар давомида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 352 минг аҳоли истиқомат қилувчи 69 қишлоқ ва 6 маҳаллада улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Лойиҳа доирасида 172 ижтимоий соҳа объекти қурилди ва таъмирланди, 605 километр электр, 27 километр табиий газ ва 324 километр ичимлик суви тармоқлари ҳолати яхшиланди ҳамда 580 километр ички йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Сўнгра бу иш қишлоқ ва маҳаллалардан каттароқ ҳудудларда амалга оширилди. Президентимиз 2019 йил 30-31 январь кунлари вилоятга ташрифи давомида Мирзачўл тумани марказида олиб борилган кенг кўламли ишлар мисолида вилоятнинг барча туман марказларини ва Жиззах шаҳрининг янги замонавий архитектура қиёфасини яратиш бўйича алоҳида берган топшириғи бу эзгу ишнинг кўламини ҳам, ҳудудини ҳам кенгайтирди.
Ушбу топшириқ бўйича 2019 йилда Арнасой, Шароф Рашидов, Дўстлик, Зомин, Зарбдор, Зафаробод, Пахтакор ва Янгиобод туманлари марказларида ҳамда Жиззах шаҳрида белгиланган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари якунига етказилди. Бахмал, Ғаллаорол ва Фориш туманларида амалий ишлар якунланиш арафасида.
Вазирлар Маҳкамасининг комплекс ривожлантириш дастурлари бўйича қарорлари асосида 5 та, жумладан, Зомин, Зарбдор, Мирзачўл, Дўстлик ва Зафаробод туманларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолати яхшиланди.
Ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар ҳақида гап борар экан, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг Жиззах филиали ташкил этилиши ва яна кўп нарсалар ҳақида гапириш мумкин.
Ҳар бири кўлами ва аҳамияти жиҳатдан ҳақиқатан ҳам тарихий деб аташга муносиб бўлган бу ўзгаришлар республика ҳукуматининг қўллаб-қувватлаши, вилоятда қарор топаётган янги ёндашувларнинг натижаси, албатта.
Масалан, 2018 йил август ойида Жиззах шаҳрида биринчи бор ўтказилган “I Халқаро инвестиция форуми” ва 2019 йил август ойидаги “II Халқаро инвестиция форуми”ни олиб кўрайлик. Ушбу инвестиция форумларида 48 давлатдан 530 хорижий компания раҳбарлари ва вакиллари иштирок этди. Мазкур тадбирларда умумий қиймати 1 миллиард 730 миллион долларлик 39 шартнома имзоланди.
Вилоят тарихида биринчи марта 2018 йилда 56 миллион доллар, 2019 йилда эса 390 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилишига эришилди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, жорий йилда ҳам ушбу амалий ишлар давом эттирилиб, 500 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши белгиланган. Бу 30 та янги қўшма корхона ташкил этиш имконини беради. Вилоятдаги қўшма корхоналар сони 215 тага етади.
Албатта, ҳозир ҳеч ким ҳамма масала ҳал этилди ёки режалар осонгина амалга оширилаётир, деган гапни айтмайди. Йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларнинг барчасини қисқа фурсатда ҳал этиш қийин. Айниқса, аҳолининг ижтимоий турмуш шароитини яхшилашда қилинадиган ишлар кўплигига Мурожаатномада кенг ўрин берилди.
Вилоятда ҳам энг катта ва биринчи ўриндаги вазифа ижтимоий соҳалардаги муаммолардир. Сайловдан сўнг халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари қўшма сессиясида вилоят ҳокими Эргаш Солиев маърузасида ушбу йўналишда режалаштирилган ишларга тўхталиб, бу йил яшаш шароити оғир, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган 700 га яқин фуқаро, жумладан, 520 аёл уй-жой билан таъминланишини билдирди.
Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан 3 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағи ажратилиши натижасида уларнинг бандлиги таъминланади.
Худди шундай катта режалар ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг бошқа йўналишларида ҳам белгиланган. Вилоят бўйича 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш бўйича 2019 йилда эришилган 60 фоиз қамров даражаси 2020 йилда 75 фоизга, 2021 йилдан эса 100 фоизга етказилиши аниқ мақсад қилиб қўйилган.
Жорий йилда жами 65 ижтимоий соҳа муассасаларида, жумладан, 17 мактабгача таълим, 18 халқ таълими, 16 соғлиқни сақлаш, 4 болалар спорт мактаби ва 10 бошқа ижтимоий соҳа иншоотида давлат дастурларига асосан янги қурилиш, реконструкция қилиш ва жорий таъмирлаш ишлари бажарилади. Мазкур тадбирлар учун 295 миллиард сўм маблағ йўналтирилаётир.
2020 йилда “Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида ёш тадбиркорларга ўз фаолиятини бошлаши ва амалга ошириш учун 67 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилади.
Ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришда халқ билан мулоқот, аҳолини тадбиркорликка жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эндиликда бу иш доимий, тизимли жараёнга айланиб бораётир. Тасдиқланган режа асосида вилоятнинг чекка ҳудудларида ўтказилаётган турли даражадаги давлат идоралари раҳбарларининг аҳоли вакиллари билан учрашувлари, сайёр қабулларда Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифалар асосида, айниқса, ижтимоий масалалар ечимига эътибор кучаймоқда.
Фақат расмий йиғинлар эмас, ҳамма жойда, барча давраларда Президент Мурожаатномасида белгиланган вазифалар қизғин муҳокама этилаётир.
– Президентимиз Мурожаатномасига бундай қизиқишнинг ажабланарли жойи йўқ, ундаги ҳар бир масала халқимизнинг бугуни, эртаси ва фарзандларимизнинг келажаги билан боғлиқ, – дейди Жиззах шаҳри, Навоий кўчасида яшовчи 85 ёшли Абдулла ота Қаршибоев. – Кейинги уч йилда бутун мамлакатимизда, Жиззахда мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Бундан хулоса шуки, Президентимиз Мурожаатномаси ҳар томонлама ҳисоб-китоб қилинган, асосланган, энг муҳими, халқимизнинг эҳтиёжи, орзу-тилаклари мужассам этилган муаммал дастуриламал бўлиб, унда белгилаб берилган вазифалар бекаму кўст амалга ошади.
Шундай бўлишига, Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар, аниқ режалар, эзгу мақсадлар амалий ҳаракатлар натижасида ижобат бўлишига кўпчиликнинг ишончи комил. Бунга ўтган йилларда бошланган, бугун давом этаётган ишлар, халқимизнинг буюк мақсад йўлида давлатимиз раҳбарига ҳамфикр ва ҳамкорлиги кафолатдир.