Катта тарихий воқеликка гувоҳ бўлдик
Жорий йил 15-16 сентябрь кунлари барчамиз катта тарихий воқеликка гувоҳ бўлдик. Яъни, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 22-саммити Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.
14 та давлат раҳбарлари қатнашган нуфузли саммитда жами 44 та ҳужжат – битим, концепция, дастурлар ва бошқа қарорлар қабул қилинди. Бу ташкилот тарихида рекорд кўрсаткич эканлигини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Мазкур саммитда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисида нутқ сўзлаб, унда бир қатор таклифларни илгари сурди. Шунингдек, нутқда хавфсизлик масалалари билан бир қаторда савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга устувор эътибор қаратилди.
Юртбошимиз таъкидлаганидек, «Шанхай руҳи» тамойиллари асосида бирдамлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва шерикликни мустаҳкамлаш яна бир асосий вазифа ҳисобланади. Биз фақат шу йўл билангина ШҲТ минтақасида тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашимиз мумкин.
Ушбу принципиал ёндашувлардан келиб чиқиб ва бугунги халқаро вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ШҲТни 2040 йилгача ривожлантириш стратегиясини тайёрлаш бўйича таклиф илгари сурилди. Ушбу дастуриламал ҳужжат кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олиши, ШҲТни узоқ муддатли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб бериши шубҳасиздир.
Президентимиз саммитдаги нутқида бутун дунёга таҳдид солаётган глобал муаммоларга эътиборни қаратди. Жумладан, жаҳондаги озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози ШҲТда бу борада фаол ҳамкорлик қилишни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш ва келгуси йилда Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш таклифи илгари сурилди.
Ҳа, озиқ-овқат хавфсизлиги бугунги кунда глобал муаммога айланмоқда. Ижтимоий тармоқлар орқали бир нечта давлатларда очарчилик кузатилаётганига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз. ШҲТ доирасида озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам минтақа фуқароларини саломатлигини мустаҳкамлаш, мунтазам равишда колорияли озиқ-овқат истеъмол қилишига пухта замин яратади.
Бир сўз билан айтганда, Самарқанд саммити мамлакатимиз тарихида унутилмас воқелик бўлиш билан бирга, юртимиз ривожи ҳамда тараққиётида ҳам катта ўрин эгаллаши билан ғоятда аҳамиятлидир.
Баҳром Раҳмоналиев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати