“Касблар фестивали” ёшларни бир майдонга жамлади
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳрида Ёшлар куни муносабати билан минглаб битирувчи ёшлар иштирокида “Касблар фестивали” бўлиб ўтди. Тадбир доирасида вилоятда илк бор “Касб ва меҳнат куни” ҳам кенг нишонланди.
Фестиваль тадбирларида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, ёшлар билан самимий мулоқот қилди.
Дастлаб вилоятдаги техникум ва касбий таълим муассасалари томонидан ташкил этилган кўргазмали павильонлар кўздан кечирилди. Уларда 30 дан ортиқ касб-ҳунар йўналишлари, инновацион ишланмалар, стартап лойиҳалар ва таълим жараёнлари намойиш этилди.
Ёшлар электромонтёрлик, мехатроника ва робототехника, дастурчилик, алоқа операторлиги, сервис хизмати, тўқимачилик, сартарошлик, сотувчилик, заргарлик, асаларичилик ва кулолчилик каби йўналишлардаги амалий ишлари ва ютуқлари ҳақида маълумот берди.
Очиқ мулоқотларда хорижий тилларни ўрганиш, халқаро сертификатларни қўлга киритиш, касбларни ишлаб чиқариш билан уйғун ҳолда ўзлаштириш ҳамда юқори даромад келтирувчи замонавий мутахассисликларга қизиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда бугунги меҳнат бозорида электрчи, сантехник ва пайвандчи каби мутахассисларга талаб юқори экани, бундай касб эгаларига нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам эҳтиёж ортиб бораётгани таъкидланди. Шу билан бирга, сунъий интеллект жадал ривожланаётган шароитда ахборот технологиялари ва дастурчилик соҳаларини чуқур ўзлаштириш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилганидек, айни пайтда вилоятдаги 63 та касбий таълим муассасасида 58 минг 747 нафар ўқувчи-ёш 161 та касб ва мутахассислик бўйича таҳсил олмоқда. Уларга 3 минг 857 нафар педагог ва ишлаб чиқариш устаси назарий билим ҳамда амалий кўникмалар бермоқда. Дуал таълим тизими ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда.
[gallery-29431]
Вилоят раҳбари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган сердаромад йўналишларни техникумлар ўқув дастурларига кенг жорий этиш муҳим вазифалардан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, ҳунар эгалари учун янги имкониятлар даври бошланаётгани, уларнинг ўрнини ҳатто сунъий интеллект ҳам тўлиқ боса олмаслиги қайд этилди.
Тадбирда ёшларни миллий қадриятлар ва анъаналар руҳида тарбиялаш, уларни билимли, ватанпарвар ва рақобатбардош кадрлар сифатида вояга етказиш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди.
Фестиваль доирасида ташкил этилган концерт дастури иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА