Касблар фестивали ўтказилди
Самарқанд шаҳридаги марказий истироҳат боғида “Касб ва меҳнат куни” муносабати билан касблар фестивали ўтказилди.
Фестивалда вилоятимиздаги касб-ҳунар коллежлари ва техникумларда ўқувчиларга ўргатилаётган касблар ҳақида маълумот берилди, кўргазмали чиқишлар уюштирилди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 23 октябрда қабул қилинган “Касбий таълим тизимида тизимда ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида юртимизда 5 майни ҳар йили “Касб ва меҳнат куни” сифатида нишонлаш белгиланган, – дейди Самарқанд вилояти касбий таълим бошқармаси бошлиғи Азиз Насимов. – Ҳар йили ўтказиладиган касблар фестивалини бу йил ушбу санага бағишладик. Унда вилоятимиздаги касб-ҳунар ўргатиш муассасалари фаол иштирок этиб, ўқувчилар ўзлари ўрганаётган касб кўникмаларини қай даражада эгаллаётганларини амалда намоён этмоқда. Бу тадбир ёшларнинг иқтидор ва касбий лаёқатини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловига ўзига хос тайёргарлик вазифасини ҳам ўтамоқда.
[gallery-29285]
Фестивалда мактаблар битирувчилари ҳам қатнашиб, вилоятдаги техникумларда ўргатилаётган касб-ҳунарлар, таълим ва амалиёт жараёнлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.
– Хитой ва Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни изчил ривожлантириш доирасида Иштихон туманида Самарқанд халқаро коллежи ташкил этилди, – дейди коллеж раҳбари Шиу Шу. – Биз бу йил сентябрь ойидан илк ўқувчиларни ўқишга қабул қиламиз. Бу ерда илғор халқаро стандартлар асосида Хитойнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда юқори малакали кадрлар тайёрланади. Талабалар 1+1, 2+2, 1+3 дастурлари бўйича таълим олади, яъни бир йил коллежда, бир йил Хитойдаги ўқув даргоҳида мехатроника, сунъий интеллект, ахборот хавфсизлиги, электрон тижорат каби замонавий касбларга ўқитилади. Шунингдек, уларга хитой тили ҳам ўргатилади.
Касблар фестивалида дуал таълимни ташкил этиш бўйича иш берувчи корхоналар ва ташкилотлар ҳамда касбий таълим муассасалари ўртасида келишувларга эришилди. Шунингдек, хорижда малака оширган ишлаб чиқариш таълими усталарига сертификатлар топширилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Адиз Бобоев иштирок этиб, техникум ва коллежларда ўрта бўғин кадрлари тайёрлаш жараёнлари билан танишди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари