Касбий ривожланиш бўйича семинар-тренинг
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан JICA халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда устозлар учун касбий ривожланиш семинар-тренинглари ташкил этилди.
Ушбу тренинглар дарс кузатиш амалиёти лойиҳаси (Lesson study) доирасида ўтказилмоқда.
Тренингда тажриба-синов тариқасида пойтахтдаги ва Тошкент вилоятида фаолият юритаётган жами олтита мактабдан 45 нафар ўқитувчи, мактаб директори ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосарлари иштирок этди.

Дарс кузатиш амалиёти (“Lesson study)дан кўзланган асосий мақсад ўқитувчиларнинг ўзаро тажриба алмашиши орқали касбий ўсиш амалиётини таълим тизимига жорий қилишдан иборат.
Машғулотлар давомида тренинг иштирокчиларига касбий ривожланиш учун ички мотивациянинг роли, дарснинг мақсади ва кутилган натижаларини тўғри белгилаш, дарс кузатиш ва кузатилган дарс борасида фикр алмашиш маданияти, ўтилган дарс борасида рефлексив мулоҳаза қилиш амалиёти каби мавзуларда маҳоратли тренерлар томонидан маълумотлар берилди.

Семинарнинг давоми сифатида иштирокчилар уч ҳафта давомида малакали тренерлар билан онлайн тарзда вебинарлар ва жонли мулоқотлар олиб борилади.
Умумтаълим мактабларига тажриба-синов тариқасида жорий қилинаётган касбий ривожланишнинг янги йўналиши ушбу жараён якунига етганидан сўнг маҳаллий тадқиқотчилар жамоаси томонидан ўрганилади ва якуний ҳисоботи Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдим этилади.
Н.Усмонова, ЎзА