Касбга ўқитиш бўйича меморандум имзоланди
Навоий вилояти ҳокимлиги билан вилоят бандлик бош бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши ўртасида Меморандум имзоланди.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур Меморандумдан кўзланган мақсад, қисқа муддатли курслар ташкил этиш орқали вилоятдаги “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда келажакда уларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши, эгаллаган касблари бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишларига шарт-шароитлар яратишдир.
Томонлар мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, “Ёшлар дафтари”га тушган фуқароларни касбга ўқитиш бўйича қисқа муддатли ҳайдовчилик курсларини ташкил этиш ва курсларни муваффақиятли тамомлаган ёшларга гувоҳномалар топшириш, бандлигини таъминлаш юзасидан барча зарур чораларни кўради.
Шунингдек, қисқа муддатли ҳайдовчилик курсларга жалб қилинган “Ёшлар дафтари”даги фуқароларни ўқитиш ва ҳайдовчилик гувоҳномаси топшириш билан боғлиқ сарф-харажатлар белгиланган тартибда вилоят ҳокимлиги томонидан тўлаб берилади.
Абдували Бўриев, ЎзА