Касб-ҳунар ўргатишда халқаро ҳамкорлик
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги офиси директори Пак Сунжинни қабул қилди.
Учрашувда Фарғона шаҳрида Корея Республикасининг грант маблағлари асосида ташкил этилган, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассислар тайёрловчи касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолиятини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори доирасида мазкур марказ бунёд этилди. Фарғона шаҳрида ўқув биноси, ётоқхона, ошхона ва спорт зали қуриш мақсадида 2 гектар ер майдони ажратилиб, KOICAнинг Ўзбекистондаги офисида Фарғона лойиҳаси бўйича қўшимча келишув меморандуми имзоланган эди.

Корея томонидан ушбу лойиҳа учун 9 миллион 320 минг доллар миқдорида инвестиция киритилди. Марказда 5 та йўналиш (электр менежменти, автомобилсозлик, ахборот технологиялари, косметология ва тикувчилик) бўйича касбий таълим йўлга қўйилади. Ҳозирда бу ерда Корея Республикасидан замонавий ўқув-амалиёт жиҳозлари олиб келиниб, ўрнатилаётир. Яқин кунларда ўқув жараёнлари бошланади.
Хайрулло Бозоров марказни ташкил этишдаги кўмаклари учун Корея халқаро ҳамкорлик агентлигига миннатдорлик билдириб, марказ учун танланган таълим йўналишлари вилоят иқтисодиёти учун муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Ушбу марказ ёшларга касбий таълим беришда Республикадаги энг яхши муассаса бўлишига умид билдирди.

Амалиётга асосий эътибор қаратилган ўқув марказида бир йилда 480 нафар ишсиз фуқарони касбга ўқитиш имконияти мавжуд. Ўқувчилар 6-8 ойлик курсларда касбий таълим олишади. Вилоят ҳокимининг ўқув жараёнларини икки сменада ташкил этиш орқали марказда ўқувчилар сонини икки баробарга ошириш, шунингдек, мавжуд таълим имкониятларидан тўла фойдаланиш учун қўшимча қисқа курслар ташкил этиш бўйича таклифи KOICAнинг Ўзбекистондаги офиси директори томонидан маъқулланди.
М. Сулаймонов, ЎзА