Касб этикасига риоя қилайлик
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
Байрам муносабати билан оммавий ахборот воситаларида ўзининг дадил сўзларини айтаётган, ёзганлари жамоатчилик орасида эътирофларга сазовор бўлаётган ҳамкасбларимиз билан туркум суҳбатлар уюштирдик.
Навбатдаги суҳбатдошимиз адлия вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова бўлди.
– Блогер сифатида бугунги журналистикага муносабатингиз?
– Блогер сифатида бугунги журналистика ҳақида фикр юритадиган бўлсам, журналистиканинг чегарасида туриб, баҳо беришимга тўғри келади. Чунки мен кўп йиллардан буён журналистик фаолият билан шуғулланиб келдим. Турли касб эгалари блогер сифатида ўзининг блогини юритишса, мен журналист сифатида ўзимнинг блогимни юритяпман.
Бугунги журналистика бундан 15-20 йил олдинги биз фаолият юрита бошлаган журналистикадан кескин фарқ қилади. Бугун ушбу соҳада анчагина ўсиш бор. Журналистик суриштирувлар, таққос-қиёслаш, фактлар билан ишлаш, эксклюзив интервью ҳамда хабарлар, веб-сайтлар... Буларнинг барчаси ахборот маконини ранг-баранг, турли-туман, қизиқарли қиладиган, одамлар учун фойда келтирадиган ахборотлар. Босма матбуотимиз ҳам бозор иқтисодиёти шароитида қанчалар қийин бўлсаям яшаб келяпти.
Охирги пайтларда “Ишонч”, “Ҳуқуқ ва бурч”, “Инсон ва қонун”, “Оила даврасида” каби газеталарни кузатиб боряпман.
Уларда журналистик суриштирувлар, таҳлилий-танқидий мақолалар кўплаб чоп этиляпти. Буларнинг ҳаммаси соҳамизнинг ривожланаётганидан далолат беради.
Тан олишимиз керак, журналистикада ўзига яраша камчиликлар ҳам бор. Баъзида тезкорлик ўрнига ортиқча мулоҳазакорликка берилишнинг кўплиги, журъатнинг камлиги, ихтисослашувнинг етарли емаслиги...
Айниқса, ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий соҳалар доимий ёритиб берилиши учун ихтисослашув керак. Масалан, ҳозирги вақтда илм-фан соҳасининг ёритилиши оқсайди,чамамда.
– Назаримда, бугунги айрим журналист ёки блогерларнинг этикадан яхши билим олмагани уларнинг иш жараёнида панд бермоқда. Касб этикаси борасидаги фикрларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз?
– Одоб-ахлоқ қоидаларини, энг аввало оилада, сўнгра мактабда, журналист этикасини эса таҳририятларда ўрганганмиз. Биз ҳам таҳририятларга борганда бирдан журналист бўлиб қолмаганмиз. Иш ўрганиш жараёнида фаҳм-фаросатимиз билан қайси гапни айтиш, қайси гапни айтмасликни англаб олганмиз.
Бугунги ахборот майдонида шовқин-сурон кўп, бўлар-бўлмас ахборотлар ғиж-ғиж десак ҳам бўлади. Бизга устозларимиз яланғоч расмларни ёки қонли буюм суратини саҳифаларга жойлаштирманглар, деб ўргатишган. Бу гаплар бизнинг қулоғимизда қўрғошиндек қотиб қолган. Айрим ҳамкасбларимнинг нозик мавзуларда очиқ-ойдин гапиришаётгани менга оғир ботади. Тўғри, бундай ахборотларни тарқатишни қонун рад этмас, аммо ҳар бир касбда ахлоқ-одоб қоидалари бўлиши, уларга риоя қилиш, ҳурмат билан қараш керак.
Бундан икки йил олдин Янги Зеландияда содир бўлган жуда бир хунук воқеа, яъни бир ғайридин мачитга кириб ибодат қилаётган насронийни отиб ташлагани ҳақида видео сайтларда улашила бошланди. Шунда этикага риоя қиладиган журналистлар чиқиб ”Бу нарсани улашмайлик, ғайриинсонийликни тарғиб қиладиган ҳолат бу” дея кўпчиликни тўхтатди. Мен ҳам шундай қарорларни қўллаб-қувватлайман. Тўғри, у ерда фожиа юз берган, одам ўлдирилган, аммо бундай реалистик кўринишни оммага тарқатиш ёки тарқатмаслик журналистнинг этикасига боғлиқ.
Нафақат журналистлар, блогерлар, барча сўз айтувчилар орасида ҳам меъёрни билмаслиги, ҳақоратларга, шахсиятга ўтиши, хабарнинг ҳаққоний эмаслигини билатуриб тарқатиш бу касб этикасига риоя қилмасликка киради.
Журналист этикаси унинг обрўсини, сўзининг салмоғини белгилайдиган мезон. Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилмаганларнинг ортидан эргашадиганлар эҳтимол кўпдир, аммо мен уларнинг “мухлислари” сифатли контингент бўлишига ишонмайман.
Бир сўз билан айтганда, журналист этикаси унинг умри давомида шаклланади.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова суҳбатлашди.