Касаба уюшмасининг файзли давраси
11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишлаб Гулистон шаҳридаги “Марварид” тантаналар саройида “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!” шиори остида тадбир ташкил этилди.

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси раиси Рустам Холматов, вилоят секторлари ва бошқарма раҳбарлари, касаба уюшма фаоллари иштирок этди.
Вилоят ҳокими касаба уюшмаларини давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларни қўллаб-қувватловчи ҳамда фаол иштирок этаётган ташкилот дея эътироф этди. Шунингдек, касаба уюшмасининг мамлакатимиз ва жаҳондаги бугунги нуфузи ҳақида гапириб касб байрамини нишонлаётган соҳа ходимларини айём билан табриклади.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган “Энг яхши сектор раҳбари”, “Энг яхши маҳалла фуқаролар йиғини раиси”, “Энг намунали аёл иш берувчи” , “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли” каби танловларнинг вилоят босқичи ғолибларига диплом ва пул мукофоти сертификатлари тантанали топширилди.

Шунингдек, Олий таълим муассасаси талабаларига касаба уюшмалари стипендияси ва саломатлигини тиклашга эҳтиёжи бўлган ишловчи ходимларга санаторий учун бепул йўлланма сертификатлари берилди.
Пойтахтдан келган таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури тадбирга ўзгача файз бағишлади.

Ш.Суяров,
Ш.Ортиқбоев,(сурат) ЎзА.