Касаба уюшмаси адолатни тиклади
Мен Фарғона вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси Фарғона шаҳар бўлимида салкам 16 йил ишладим. Фаолиятим давомида ногиронлиги бўлган, ишсиз ва меҳнат бозорида иш топишга қийналган, шунингдек, иш жойи қисқартиришга тушиб, меҳнат шартномаси бекор қилинган фуқароларни ишга жойлаштириш билан шуғулланиб келдим.
Тақдир тақозоси билан ўзимнинг бошимга ҳам шундай ташвиш тушди. Жорий йилнинг июль ойида бўлим томонидан иш жойим қисқарганлиги асос сифатида кўрсатилиб, меҳнат шартномам бекор қилинди. Бу жараёнда ишда қолишдаги имтиёз ва ҳуқуқлар – малакам ва меҳнат унумдорлигим, жамоа шартномасидаги ҳуқуқларим, қарамоғимда икки нафар вояга етмаган фарзандларим борлиги ва уларнинг ёлғиз боқувчиси эканлигим инобатга олинмади.
Ишсиз қолиш жуда қийин экан. Бандлик бўлимига иш излаб келаётган кўплаб фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, кечинмаларини ич-ичимдан ҳис қилдим. Ишсиз юрган 4 ойдан ортиқ давр мобайнида жуда қийналдим.
Афсуски, меҳнатга оид ҳуқуқларимни ҳимоя қилиш мақсадидаги мурожаатим гўё бошқарма бошлиғи, бош юристконсульт, давлат меҳнат инспекцияси, кадрлар бўлими мудири иштирокида ўрганиб чиқилиб, қонунбузилиш ҳолати йўқлиги маълум қилинди.
Шундан сўнг Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раиси Э.Нуралиев қабулида бўлдим. Ишга қайта тиклаш бўйича амалий ёрдам сўрадим.
Мурожаатим касаба уюшмасининг малакали ҳуқуқшунослари томонидан чуқур ўрганилди. Буни қарангки, иш берувчи меҳнат шартномамни бекор қилишда ўндан ортиқ қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйганлиги аниқланди. Шу тариқа касаба уюшмаси менинг манфаатларимни кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво аризасини киритди.
Судда адолат қарор топди. Судья Д.Султонов “иш”ни ҳар томонлама адолатли кўриб чиқиб, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси Фарғона шаҳар бўлимининг мени ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруғини ғайриқонуний деб топди ва бекор юрган кунларим учун 16.866.857.00 сўм асосий иш ҳақи ундирилиши белгиланди.
Мамлакатимизда қонунлар қоғозда қолиб кетмаётганлигига яна бир бор амин бўлдим. Яна иқрор бўлдимки, касаба уюшмалари ишчи-ходимларнинг ҳақиқий суянчиғи экан. Адолат қарор топишида менга кўмак кўрсатгани учун Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашига оиламиз номидан миннатдорчилик билдираман.
Минавархон МАМАТОВА,
Фарғона шаҳри.