Касаба уюшмалари аъзолари манфаати ҳимоя қилинмоқда
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Навоий вилояти Кенгаши томонидан фуқаролик ишлари бўйича судларга 14 та даъво аризаси киритилган. Уларнинг 13 таси ижобий қаноатлантирилиб, фуқаролар фойдасига 342 миллион сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарарлар ундириб берилган.
Бу ҳақда “Касаба уюшмаларига аъзо давлат ташкилотлари ишчи-ходимларининг меҳнат муҳофазасини таъминлаш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Бугунги кунда вилоят касаба уюшмалари тизимидаги 1400 дан ортиқ бошланғич ташкилотга қарийб 204 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим бирлашган. 2023 йилнинг ўтган 8 ойи давомида эса 326 та корхона, ташкилот ва муассасанинг 6144 нафар ходими касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.
– Касаба уюшмаларининг асосий вазифаси ташкилот ва корхоналарда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларнинг манфаатини ҳимоя қилишдир, – дейди Федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши раиси Назира Тоғаева. – Жорий йилнинг 8 ойида махсус комиссия томонидан меҳнат муносабатлари билан боғлиқ 360 та низо кўриб чиқилиб, уларнинг 353 таси ижобий ҳал қилинди. 345 та корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчилар томонидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига риоя қилиниши жамоатчилик назорати тартибида ўрганилди. Шунингдек, ўтган 8 ой давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг ўқув марказида 21 нафар, масофавий таълим портали орқали эса 142 нафар касаба уюшмалари фаолининг малакаси оширилди.

Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш муддатларига риоя этилиши юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, жорий йил апрель ойидан “Электрокимёзавод” АЖ, “Элкимё супер фос” МЧЖ ва “Агрохимия” МЧЖларда иш ҳақидан 625,6 миллион сўм муддати ўтган қарздорлик бартараф этилди.
Давлат дастурларини бажариш доирасидаги келишувлар орқали 28 нафар хотин-қизга қарийб 80 миллион, чекка ҳудудларда ишлаётган 8 нафар аёлга эса 29 миллион сўмлик санатория йўлланмалари бепул берилди. Шунингдек, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили" Давлат дастури доирасида 891 нафар пенсионер, 139 нафар ногиронлиги бўлган шахсга ва ўзгалар парваришига муҳтож кишиларга моддий ёрдам ажратилди.
Бугунги кунда хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятдаги 330 та маҳаллада яшовчи 233 минг 760 нафар 30 ёшдан ошган хотин-қиздан 232,3 минг нафарининг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари анкета-сўровномалари орқали хатловдан ўтказилди. Хатловдан сўнг, турмуш шароити оғир ҳамда ёрдамга муҳтож 30 минг 56 нафари “Аёллар дафтари”га киритилди.

Шу кунга қадар белгиланган чора-тадбирлар натижасида 4 минг 957 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 726 нафар тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд аёлга имтиёзли кредит маблағлари берилди. 7 минг 503 нафар боқувчиси бўлмаган ижтимоий ёрдамга муҳтож, 2 минг 897 нафар қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди бор эҳтиёжманд аёлга бир марталик пул маблағлари берилган бўлса, 9 минг 905 нафар I ва II гуруҳ ногиронлиги мавжуд, тезкор тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қизга тиббий хизматлар кўрсатилди. 2 нафар хотин-қиз уй-жой билан таъминланди, 276 нафарига эса ижара пуллари тўлаб берилди, 444 нафар хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирланди.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида корхона, ташкилот ва муассасаларда хизмат қилаётган ишчи-ходимлардан 230 нафари, уларнинг оила аъзоларидан 361 нафари касаба уюшмалари тизимидаги санаторияларда соғломлаштирилди. Бу мақсад учун қарийб 2,2 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар атрофлича жавоблар қайтаришди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири.