Кармана мактаблари қишга тайёрми?
Бугун таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида энг чекка қишлоқларимизда ҳам замон талабларига жавоб берадиган, барча ўқув ва лаборатория жиҳозлари билан жиҳозланган, шаҳарлардагидан қолишмайдиган ўқув масканлари қад ростламоқда..
Шу кунларда эса барча иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида тайёргарлик ишлари якунига етказилмоқда.
Навоий вилояти Кармана тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими тизимида бугунги кунда 31 та умумтаълим мактаби мавжуд. Кўмир билан иситиладиган таълим ташкилотларига жами 5092,2 тонна кўмир ёқилғиси етказиб берилган. Табиий газ билан иситиладиган мактаблардаги қозонхоналар кўмир ёқилғиси билан иситиладиган қозонхоналарга алмаштирилмоқда.
Тумандаги 11-умумтаълим мактаби 2018 йилда қурилиб, фойдаланишга топширилган. Айни пайтда бу ерда 684 нафар ўқувчига 58 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бериб келмоқда.
– Мактабимиз 495 ўринга мўлжалланган бўлиб, дарслар икки навбатда олиб борилади, – дейди мактаб директори Фузайл Юсупов. – Ўқувчи ва ўқитувчиларимизга қулайликлар яратиш мақсадида жорий йилда Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 1,8 миллиард сўм бўлган икки қаватли қўшимча бино қурилди. Айни пайтда жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, шу кунга қадар мактабимизда спорт зали мавжуд эмас эди. Ўқувчиларимиз ёғин-сочинли кунларда жисмоний тарбия дарсини синфхоналарда ўтишарди. Футбол, волейбол, баскетбол ўйингоҳларимиз тупроқли майдондан иборат бўлганлиги боис қор, ёмғирли кунларда лой бўларди. Ҳозир 12х24 ҳажмдаги спорт зали қурилиши якунланиш арафасида. Спорт зали учун маҳаллий бюджетнинг орттирилган маблағлари ҳисобидан 1,2 миллиард сўм маблағ сарфланмоқда.
Мактабнинг иситиш тизими асосан табиий газга мослаштирилган бўлиб, жорий куз-қиш мавсумида кўмирдан фойдаланиш тизимига ўтказилмоқда. Мавжуд қозонхоналарга махсус қурилмалар ўрнатиляпти. Мавсум учун 105 тонна 720 кг кўмир захираси яратилган.
Тумандаги 128-умумтаълим мактаби эса 1994 йилда қурилган бўлиб, 2007 йилда капитал таъмирланган. 976 нафар ўқувчи таълим-тарбия оладиган даргоҳда ҳар йили енгил пардозлаш ишлари олиб борилади.
– Мактабимизда 11 та қозонхона мавжуд, – дейди мактаб директори Баҳриддин Тойиров. – Ҳозир қозонхоналаримиздаги ускуналар янгисига алмаштирилмоқда. Шу кунга қадар 90 та мўри ўрнига 39 таси олиб келинган. Қолганлари ҳам тез кунларда олиб келиб ўрнатилади. Мавсум бошлангунча барча юмушларимиз якунига етказилади.
Мактабда 2 та спорт зали мавжуд бўлиб, ҳар иккаласи ҳам таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Гарчи ўқувчиларнинг кийиниш ва ювиниш хоналари мавжуд бўлса-да, талаб даражасида эмас. Ювиниш хонасида канализация тизими ишламаслиги боис умуман шароит йўқ. 2-спорт залида эса ёритиш тизими ишламайди. Прожекторлар ишламаслиги боис мактаб маъмурияти томонидан қўйилган ёритгичлар етарли даражада ёруғлик беролмайди. Ўқувчилар ним қоронғи шароитда залдан фойдаланадилар. Зал таъмирталаб аҳволда.
Тумандаги 27-умумтаълим мактаби қурилганига 55 йил бўлди. 630 ўринга мўлжалланган мактабнинг эшик, дераза ва том қисми 2022 йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан алмаштирилган.
– 2022 йилда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 800 миллион сўм маблағни қўлга киритиб, 11 та синфимизга стол-стул, 6 та синфимизга электрон доска харид қилдик, – дейди мактаб директори Фароғат Бўтаева. – 9х18 ҳажмдаги спорт залимиз мавжуд. Ушбу залимиз таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Кийиниш хонасидаги линолумлар фойдаланишга яроқсиз, деворлари кўчган, сув ўтган жойлари мавжуд. Ювиниш хоналари ишламайди. Ушбу муаммо ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида жорий йил “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2-мавсумида иштирок этиб, 1,3 миллиард сўм маблағ ютиб олдик. Ушбу маблағ эвазига келгусида спорт залимиз ҳам ҳамма ҳавас қилгулик даражага келтирилиб, таъмирланади.
Тумандаги яна бир мактаб – 9-умумтаълим мактаби 1956 йилда қурилган бўлиб, мактаб директори Неъмат Муҳаммадиевнинг айтишича, 2018 йилда “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида капитал таъмирланган. Ҳозир таълим даргоҳида 544 нафар ўқувчи таълим олади.
Мактабнинг ташқи деворларининг айрим қисмлари таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Гарчи мактабда спорт зали мавжуд бўлса-да, абгор аҳволда. Деворга ўрнатилган панеллар ўқувчилар томонидан синдириб ташланиб, қаровсиз аҳволга келиб қолган. Кийиниш хоналари таъмирга муҳтож. Зал кириш йўлагидаги мармар плиталари синиб, яроқсиз ҳолга келиб қолган.
[gallery-14426]
Мактаб ҳудудида олиб кетилмаган чиқиндилар уюми мавжуд. Куз-қиш мавсумида ишлатиш учун 258,3 тонна кўмир захираси яратилган бўлиб, ҳозир мавжуд 6 та қозонхонада ускуналар тўлиқ ўрнатилмаган.
Қиш эшик қоқмоқда. Салқин кунлар бошланмоқда. Бу эса тезроқ мавсумга тайёргарлик ишларини якунлаш зарурлигини билдиради. Айни пайтда тумандаги аксарият мактабларда табиий газ билан иситиладиган тизимнинг кўмирга ўтказилиш жараёнлари якунланмаган. Яна саноқли кунлардан кейин барча иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари куз-қиш мавсумига ўтказилади. Демакки, мавсумга тайёргарлик ишларини янада тезлаштириш талаб этилади.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат),
ЎзА мухбирлари