Карантин ишимизга халақит бермайди
Режадаги топшириқларнинг ортиғи билан уддаланишига эришиляпти.
Тошкент вилояти тадбиркорларининг аҳди шундай
Бугунги кунда юртимизда корнавирус эпидемияси сабабли карантин ҳолати эълон қилингани ва корхоналарнинг иш соати қисқарганига қарамасдан, ҳудудда барча соҳаларда қизғин иш олиб бориляпти. Режадаги топшириқларнинг ортиғи билан уддаланишига эришиляпти.
Президентимизнинг 2020 йил 9 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, жорий йилда Тошкент вилоятида 56 та лойиҳани амалиётга татбиқ этиш ҳисобига 309,2 миллион доллар миқдоридаги инвестицияларни ўзлаштириш белгиланган. Бу борадаги топшириқлар вақтида уддаланяпти. Хусусан, жорий йилнинг январь-февраль ойларида 20,6 миллион доллар миқдоридаги хориж маблағларини ўзлаштириш кўзда тутилган эди. Амалда эса бу кўрсаткич 157 фоизга уддаланди. Умуман биринчи чорак учун белгиланган режа прогнозлари 110 фоизга бажарилиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, вилоятнинг экспорт топшириқлари ҳам вақтида бажарилаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Масалан, бу йил жами 603,3 миллион долларлик маҳсулотларни экспорт қилиш режаси белгиланган. Шундан 386,3 миллион доллари саноат, 217 миллион доллари эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тўғри келади. Бу борада кўзда тутилган топшириқларни уддалаш учун барча чора-тадбирлар кўриляпти.
Вилоят ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Абдусаломовнинг таъкидлашича, шу йилнинг биринчи чораги учун жами 113,4 миллион долларга тенг маҳсулот экспорт қилиш белгиланган. Хорижий сармоядорлар билан ҳам инвестиция киритиш масаласида доимий равишда музокаралар олиб борилмоқда. Яқинда Россия Федерациясининг кўп қаватли уй-жойларни қуришга ихтисослашган компаниялари вакиллари келиб, соҳадаги тажрибаси, имкониятлари ва хориж давлатларида барпо этган уй-жойлари хусусида батафсил маъумотлари билан тақдимот маросимини ўтказди. Бир қатор туман ва шаҳар ҳокимлари иштирок этган тадбирда томонлар ўзаро ҳамкорликда ишлашга келишиб олди.
Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлар (“UTID”) уюшмаси билан ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатилган. Бекобод, Янгийўл ва Нурафшон шаҳарлари ҳамда Қуйи Чирчиқ тумани ҳокимлари худди шундай амалий тадбирлардан бирида ўз ҳудудларининг иқтисодий салоҳиятларини намойиш қилган эди. Жумладан, Бекобод шаҳар ҳокими Зафар Файзуллаев шаҳарда цемент, арматура ва темир ҳамда саноат учун баъзи зарур маҳсулотлар мавжудлиги, бизнес муҳитини ривожлантиришга тайёрлигини билдирди. Қолаверса, қўшни Тожикистон Республикасидан ҳам бунинг учун ҳамкорлар топиш мумкинлигини таъкидлади. Шу билан бирга, уй-жой қурадиган компанияларга ҳам эҳтиёж борлиги хусусида ўз фикрларини билдирди.
Нурафшон шаҳрида логистика масалаларида ҳамкор компаниялар изланяпти. Хусусан, 27 километр масофадан иборат Тошкент – Нурафшон йўналишида очиқ усулда метро қурилишига эҳтиёж борлиги, шунингдек, учта кўприк, театр ва бир неча олий ўқув юртларининг биноларини қуриш кўзда тутилаётгани сабабли қурилиш компаниялари билан ҳамкорлик қилиш белгиланган.
– Айниқса, логистикага бўлган талаб кучли, – деди Нурафшон шаҳар ҳокими Қаҳрамон Ҳакимов. – Мазкур тармоқларни ривожлантириш орқали келгусида ҳудудимиз иқтисодий фаоллиги янада ошади ва аҳоли бандлигини таъминлашга эришамиз.
Қуйи Чирчиқ туманида ер майдонларига ер ости сизот сувлари яқинлиги, ҳудуди бироз пастда жойлашгани боис, деҳқончилик қилиш бирмунча мураккаб ҳисобланади. Бу ерда пахтачилик билан бирга, шоличилик, чорвачилик ва балиқчилик соҳаларини ривожлантириш учун қулай имкониятлар мавжуд. Хусусан, пахтачиликда ҳам юқори натижаларга эришиш мумкинлигини “ТCT Agrocluster” агросаноат кластери исботлади. Демак, ҳаммаси оқилона иш юритишга боғлиқ.
Туманда фермер хўжаликлари даврида ишчилар сони 898 нафар, ўртача иш ҳақи эса 550 минг сўм бўлган. “ТCT Agrocluster” ташкил этилгач, 5 минг 536 та иш ўрни яратилди. Ўртача иш ҳақи эса 2,1 миллион сўмга етказилди. Давлатимиз ғазнасига фермер хўжаликлари даврида 7,9 миллиард сўм тушган бўлса, ўтган йили ундан 6 баробар кўп маблағ ўтказилди. Бугунги кунда “Tashkent Cotton Textile” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш ишлари ҳам бошланган. Уч босқичли мазкур лойиҳа доирасида кластерда етиштирилган пахта хомашёси шу ернинг ўзида тўлиқ қайта ишланади. Лойиҳа биринчи босқичининг қиймати 47,3 миллион еврога тенг. Уни келгуси йилда фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Умуман олганда, карантин даврида экспорт ҳажми камайишининг олдини олиш учун барча зарур чора-тадбирлар кўриляпти. Вилоят ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Абдусаломов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳи онлайн режимида вилоятдаги экспорт қилувчи корхоналар муаммосини бартараф этиш борасида вазирлик ва бошқармалар, Республика экспортга кўмаклашиш штаби ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар билан узлуксиз равишда иш олиб бормоқда.