Капитал бозори ривожлантирилади
O‘zLiDeP фракцияси йиғилишида депутатлар дастлаб давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган “Ҳудуд ва тармоқларда ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси” бўйича видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Фракция аъзолари йил бошидан ялпи ички маҳсулот 8,5 фоиз, саноат 8 фоиз, хизматлар соҳаси 16,9 фоиз, қурилиш 13,8 фоиз, қишлоқ хўжалиги эса 4,7 фоизга ўсди. Шунингдек, инвестициялар ҳажми 28 миллиард долларга, экспорт 14,4 миллиард долларга етганини эътироф этишди. Бу кўрсаткичлар мамлакатимиз иқтисодиётидаги барқарор ўсиш суръатларини яққол намоён этаётгани қайд этилди.
[gallery-30581]
Шундан сўнг «Капитал бозори тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда атрофлича муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси капитал бозорини халқаро стандартлар асосида ривожлантиришга қаратилган. Ҳужжат билан аҳоли ва инвесторлар учун сукук (ислом облигациялари), барқарор ривожланиш облигациялари, қопланган ҳамда секьюритизацияланган облигациялар каби янги молиявий воситаларни муомалага киритиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, инвесторлар ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари такомиллаштирилиб, бозор инфратузилмасини янада тартибга солиш ҳамда капитал бозорининг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган муҳим нормалар белгиланмоқда.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама муҳокама қилиб, унинг мамлакатимизда замонавий молиявий бозорни шакллантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва иқтисодиётга қўшимча молиявий ресурсларни жалб қилишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Муҳтарама Комилова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА