Канглум, мендан бўлак киминг бор сенинг...
“Икром ака замонавий ўзбек шеъриятига “кангул” сўзини олиб кирган ва бу сўз унинг дастхатига айланган шоир.
Бу инсонни ўзини шоир деб санаган кимгадир таништириш шартмас. “Кангул одами”... Бу сўз шоирнинг ўзига хос “фишкаси” деган эди ҳамкасбларимиздан бири.
Қашқадарёда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Дўстлик” ордени соҳиби, атоқли шоир Икром Отамурод таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий тадбирлар ўтказилмоқда.
Илк учрашув Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов ижод мактабида бўлиб ўтди. Тадбир давомида шоирнинг янги китоби – “Сукут садоси” шеърий тўплами ўқувчиларга тақдим этилди.
Икром Отамурод (Отамуродов Икром Исломович) 1951 йил 5 майда Қашқадарё вилоятининг Касби туманидаги Хўжакасби қишлоғида туғилган. 1969-1974-йилларда Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида ўқиган. 1974 йил февраль ойидан Ўзбек совет энциклопедияси (ҳозирги Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат-илмий нашриёти)да ишлаган. 1975 йил апрель ойидан буён “Шарқ юлдузи” журналида мусаҳҳиҳ, адабий ходим, бўлим мудири, бош муҳаррир муовини сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Шоирнинг “Вақт ранглари” (1982), “Жануб қушлари” (1983), “Тўрғайли манзиллар” (1983), “Уфқлар орти бепоён” (1987), “Харитага тушмаган жойлар” (1992) “Узоқлашаётган оғриқ” (1992), “Сопол синиқлари” (1994), “Сен” (1996), “Ичкари ва ташқари” (1997), “Руҳимнинг қайғуси” (1997), “Канглум, ўзинг”, “Тавр”, “Тағаззул” шеърий китоблари чоп этилган.
Учрашувда таниқли адабиётшунос олимлар, шоирлар, жамоат арбоблари ва ёшлар сўз олиб Икром Отамурод ижоди, ҳаёт йўли ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашишди. Бу каби тадбирлар шоир туғилиб ўсган Касби туманида ҳам ўтказилди.
[gallery-7325]
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.