Канализация маданиятини юксалтириш – долзарб масала
Республикада оқова сувларни йиғиш, узатиш ва тозалаш тизимини самарали ташкил этиш, унинг узлуксиз ҳамда барқарор фаолиятини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, аҳоли ўртасида канализация тизимидан тўғри фойдаланиш маданиятини шакллантириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
“Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов ушбу масалага эътиборни қаратди.
Қайд этилишича, 2026 йил 1 март ҳолатига кўра, мамлакатимизда жами 255 та оқова сув тозалаш иншооти фаолият юритмоқда. Уларнинг 63 таси йирик, 192 таси эса локал иншоотлардан иборат. Шунингдек, 10 минг 309 километр узунликдаги канализация тармоқлари орқали аҳоли ва саноат объектларига хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Таъкидланганидек, оқова сув тозалаш иншоотлари ифлосланган сувларни зарарли аралашмалардан тозалаш, уларни атроф-муҳитга хавфсиз ҳолда чиқариш ёки қайта фойдаланишга тайёрлашда муҳим ўрин тутади. Бу жараёнлар механик, биологик ва дезинфекция босқичларида амалга оширилиб, ҳар бири сув сифатини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, соҳадаги асосий муаммолардан бири сифатида канализация тизимидан фойдаланиш маданиятининг етарли даражада шаклланмагани кўрсатиб ўтилди. Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, тизимда юзага келаётган кўплаб носозликлар ва тиқилишлар инфратузилманинг эскирганлиги эмас, балки фойдаланиш қоидаларига риоя этилмаслиги билан боғлиқ.
Хусусан, канализация тармоқларига қаттиқ маиший чиқиндилар, нам салфеткалар, гигиена воситалари, озиқ-овқат қолдиқлари, ёғ-мой маҳсулотлари, қурилиш чиқиндилари, шунингдек, кимёвий ва заҳарли моддаларни ташлаш ҳолатлари жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бу эса қувурларда тиқилишлар ҳосил бўлишига, ускуналарнинг ишдан чиқишига ҳамда тозалаш жараёнларининг издан чиқишига сабаб бўлмоқда.
Айниқса, ёғ ва мой маҳсулотларининг қувур деворларида қотиб қолиши, шунингдек, сувда эримайдиган чиқиндиларнинг тўпланиши тизим самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади. Қурилиш материаллари эса қувурларда мустаҳкам қатлам ҳосил қилиб, уларни тозалашни деярли имконсиз ҳолатга келтиради.
Шу нуқтаи назардан, аҳоли ўртасида канализациядан фойдаланиш маданиятини ошириш, тушунтириш ишларини кучайтириш ва бу борада жамоатчилик масъулиятини янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.
“Ўзсувтаъминот” АЖ барча истеъмолчиларни канализация тизимидан фойдаланиш қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА