Камхаражат ва юқори самарали йўналиш
Ҳудудий иқтисодиётни диверсификация қилиш, мавжуд инфратузилмадан оқилона фойдаланиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бугунги ислоҳотларнинг устувор вазифаларидан ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, Жиззах вилоятида амалга оширилаётган қўзиқорин етиштириш лойиҳаси иқтисодий самарадорлик ва ташкилий ёндашув уйғунлигининг амалий намунасидир.

Жанубий Мирзачўл магистраль каналидан фойдаланиш бошқармаси тасарруфидаги “Пахтакор” автогаражи ҳудудида мавжуд бинодан унумли фойдаланган ҳолда вешенка навли қўзиқорин етиштириш йўлга қўйилди. Лойиҳа ривожлантириш жамғармаси маблағларини кўпайтириш, бюджетдан ташқари даромад манбаларини шакллантириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Илк босқичда 70 дона махсус полиэтилен қопларда тайёр субстратлар жойлаштирилиб, ишлаб чиқариш жараёни бошланди. Натижада доимий иш ўрни яратилди ва маҳаллий аҳоли бандлиги таъминланди. Лойиҳанинг муҳим жиҳати шундаки, у катта капитал сармоя талаб этмасдан, мавжуд инфратузилма негизида ташкил этилди.

Қўзиқорин парвариши учун мўлжалланган хона агротехник талабларга мувофиқ жиҳозланган. Табиий, мўътадил ёруғлик, 15–25 даража оралиғида барқарор ҳарорат ва мунтазам шамоллатиш тизими ҳосилдорликни таъминламоқда. Мутахассислар маълумотига кўра, вешенка қўзиқорини 10–15 кунда илк ўсиш босқичини ўтайди, 20–30 кун давомида ҳосил беради. Бир субстратдан бир теримда ўртача 3–4 килограмм, уч терим давомида эса 9–12 килограммгача маҳсулот олиш имконияти мавжуд.
Иқтисодий жиҳатдан мазкур йўналиш юқори қўшимча қиймат яратиш хусусиятига эга. Маҳсулот бозорда талабгир, айни пайтда парҳезбоп ва соғлом озиқ-овқат сифатида эътироф этилган. Шу боис, қўзиқорин етиштириш фақат даромад манбаи эмас, балки аҳолини сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш орқали ижтимоий барқарорликка ҳам ҳисса қўшмоқда.
Эътиборли жиҳати — лойиҳа мавжуд бўш бинолардан самарали фойдаланиш орқали амалга оширилмоқда. Бу эса давлат ташкилотлари фаолиятида ресурс тежамкор ва натижага йўналтирилган бошқарув маданияти шаклланаётганини кўрсатади. Ушбу тажриба бошқа ҳудуд ва тизимларда ҳам қўлланилиши мумкин бўлган амалий модел сифатида аҳамиятлидир.
Келгусида субстратлар сонини кўпайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини босқичма-босқич кенгайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Бу эса лойиҳанинг барқарорлиги ва узоқ муддатли иқтисодий самарасини таъминлашга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қўзиқорин етиштириш каби кам харажат талаб қиладиган, аммо юқори самара берувчи лойиҳалар ҳудудий иқтисодиётни мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва давлат ташкилотларида бюджетдан ташқари даромад манбаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Бундай ташаббусларни тизимли қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш иқтисодий ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини янада оширади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА