Камондан отиш бўйича мамлакат кубоги
Андижонда камондан отиш бўйича ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон кубоги мусобақалари бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон камондан отиш федерацияси томонидан Андижон тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ўтказилаётган республика кубоги мусобақаларида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва республикамиз вилоятлари жамоалари таркибида 17 ёшгача бўлган 100 нафардан зиёд спортчи ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб боради.
Мусобақанинг очилишида сўз олган Миллий гвардия Андижон вилоят бошқармаси бошлиғи, Камондан ўқ отиш вилоят федерацияси раиси, полковник Маҳмуджон Ўринбоев, вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бошлиғи Ўткирбек Тошпўлатов, Камондан отиш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Гулнорахон Арипова мамлакатимизда камондан отиш спортини ривожлантириш, унинг оммавийлигини ошириш, маҳоратли спортчилар тайёрлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб, мусобақа иштирокчиларига омад тилади.
[gallery-13561]
Тўрт кун давом этадиган республика кубоги мусобақаси иштирокчилари тўрт йўналиш – “олимпик раид”, яккалик, “микс” ва жамоавий йўналишларда ўзаро куч синашади.
Дастлабки уч кун давомида мусобақанинг саралаш, яккалик ва жамоавий йўналишдаги баҳслари ўтказилади. 16 сентябрь куни эса финал баҳслари бўлиб ўтади.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари