Камерал солиқ текширувлари 1,4 фоиз тадбиркорни қамраб олди
Солиқ тизимида шаффофликни таъминлаш ва яширин иқтисодиёт улушини камайтириш бугунги кунда давлат молия сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Айниқса, рақамли технологиялар асосида амалга оширилаётган камерал солиқ текширувлари солиқ маъмурчилигини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Сўнгги йилларда ушбу тизим орқали тадбиркорлик субъектларининг молиявий фаолияти таҳлил қилиниб, ҳисоботлардаги номутаносибликлар ва эҳтимолий хато-камчиликлар аниқланмоқда. Бу эса солиқ интизомини мустаҳкамлаш ҳамда давлат бюджети даромадларини барқарор таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, жорий йилнинг январь–март ойларида Ўзбекистонда 7,4 мингта солиқ тўловчида камерал солиқ текширувлари ўтказилди. Бу республика бўйича фаолият кўрсатаётган 529,3 мингта тадбиркорлик субъектининг 1,4 фоизини ташкил этади.
Солиқ органлари маълумотларига кўра, ушбу текширувлар натижасида жами 6,5 триллион сўмлик фарқ (тафовут) ҳолатлари аниқланган ҳамда тегишли солиқ тўловчиларга расмий талабномалар юборилган.

Аниқланган фарқлар асосан қўйидаги солиқ турларига тўғри келади. ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) — 3,4 триллион сўм, фойда солиғи — 1,9 триллион сўм, акциз солиғи — 576,2 миллиард сўм, даромад солиғи — 156,2 миллиард сўмни ташкил этган.
Мазкур кўрсаткичлар солиқ ҳисоботларидаги номутаносибликлар ва айрим ҳолларда декларацияларда тўлиқ акс эттирилмаган тушумлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Таҳлилларга кўра, энг йирик тафовутлар қуйидаги йўналишларда қайд этилган. Умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси — 2,8 триллион сўм, ишлаб чиқариш — 1,7 триллион сўм, қурилиш — 1,2 триллион сўм, транспорт — 279,9 миллиард сўм, қишлоқ хўжалиги — 207,8 миллиард сўмни ташкил этган.
Камерал солиқ текширувларининг асосий хусусияти шундаки, улар тадбиркорнинг иш фаолиятига бевосита аралашмаган ҳолда, электрон маълумотлар таҳлили орқали амалга оширилади. Бу эса солиқ тизимида шаффофликни оширишга қаратилган замонавий ёндашув ҳисобланади.
Аниқланган 6,5 триллион сўмлик тафовутлар солиқ интизомига риоя қилиш, ҳисоботларни тўғри юритиш ва рақамли назорат тизимларини янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, текширувлар қамрови 1,4 фоиз билан чеклангани солиқ маъмурчилигида рискка асосланган ёндашув қўлланилаётганидан далолат беради. Яъни, асосий эътибор эҳтимолий хатар юқори бўлган субъектларга қаратилмоқда.
Камерал солиқ текширувлари натижалари мамлакатда солиқ интизомини мустаҳкамлаш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш йўлида тизимли ишлар давом этаётганини кўрсатади.
Ш.Маматуропова, ЎзА