“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалда
Боёвут туманининг "Янги авлод" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Гулистон участкасида истиқомат қилаётган, ишсизлиги ва қўшимча даромади йўқлиги боис "Аёллар дафтари" да турган Муҳаббат Исломова маҳалла хотин-қизлар фаоли ва ҳоким ёрдамчиси маслаҳати, ёрдами билан олдинига ўз хонадонида гидропоника усулида бодринг, эндиликда эса қулупнай етиштиришни йўлга қўйди.
Бу ишни бошламасдан олдин уйда, фарзандлари тарбияси билан шуғулланарди. Ишсиз, кам даромадсиз бўлганлиги туфайли Боёвут туманидаги "Янги авлод" маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилиб, ёрдам сўради. Маҳалла хотин-қизлар фаоли Феруза Кубаева, ҳоким ёрдамчиси Дилдора Қаландарова "Ижтимоий кам таъминланган оилаларга бериладиган ёрдамни бир- икки бор оларсиз. Аммо муаммонгизга ечим топа олмайсиз. Бугун у муаммо дейсиз, эртага бошқа муаммо чиқади. Сизга давлат ҳисобидан бир, ҳатто ўн маротаба ёрдам берармиз, ўзингизда ҳаракат бўлмаса, ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Ундан кўра, бўш, фойдаланилмай турган томорқангиз бор. Иссиқхона ташкил этинг. Помидор, бодринг, қулупнай етиштиришни йўлга қўйинг. Ана шунда раҳмат айтасиз", дея унга тўғри маслаҳат беришди.
Хуллас, эр-хотин Исломовлар бир қарорга келишиб, маҳалла томонидан иссиқхона хўжалиги ташкил этиш учун ажратиб берилган 33 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағи ҳисобига ўз хонадонидаги бўш турган 4 сотихли ер майдонида иссиқхона хўжалигини барпо этишди.
– Дастлаб гидропоника усулида етиштириладиган бодринг экдик. Тушунмовчиликлар бўлди. Иссиқхона хўжалиги фаолияти билан шуғулланаётган деҳқонлардан тушунмаганларимизни сўрадик, билмаганларимизни интернетдан ўргандик. Шунга яраша натижа ҳам ёмон бўлмади. Харажатлар чиқиб, бирозгина даромад қилдик. Ундан кейин, кўриб турганингиздек, илк маротаба қулупнай экдик. Бу борада тажрибамиз камлиги боис кўчат олишда бироз адашдик, –дейди Муҳаббат Исломова.
[gallery-20593]
Шундан кейин эр-хотин Исломовлар Тошкентдан, тажрибали миришкордан бошқа турдаги қулупнай кўчатини олиб келиб, қайта ўтқазди. Улар тавсияси асосида агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширди. Бугун бўлса, улар эккан қулупнайлар гулга кириб, нишона бера бошлади.
–Нафақат мен, турмуш ўртоғим, балки фарзандларим ҳам мактабдан келиши ҳамон уйга эмас, "қулупнайзор"имизга ташриф буюради. Бунинг ортидан рўзғоримизда тўкинчилик, хотиржамлик, тинчлик ҳукм сурмоқда,–дейди у.
"Янги авлод" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Муҳаббатга ўхшаш ишсиз ва даромадсиз, "Аёллар дафтари" рўйхатида турадиган 164 нафар хотин-қизнинг даромадини ошириш, бандлигини таъминлаш борасида ибратли ишлар амалга ошириляпти.
–Шундан 10 нафарига 5 миллион сўмдан 33 миллион сўмгача имтиёзли кредитлар берилди. 2 нафар аёл эса "Ишга марҳамат" мономарказида касб-ҳунарга ўқитилиб, тикувчилик йўналишда ўз фаолиятини бошлаши учун 10 миллион сўмдан субсидия ёрдами олди. 124 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилиб, сертификатли бўлишди. 45 нафар хотин-қиз эса, ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида мавсумий ишга жойлаштирилди. 78 нафар хотин-қизга бир марталик моддий ёрдам, 164 нафар хотин-қизга психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилди,–дейди "Янги авлод" маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Феруза Кубаева.
Давлатимиз раҳбарининг ишсиз ва даромадсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарсизларни ўқитиш, даромадсизларининг даромадини ошириш, камбағалчиликдан чиқариш, ўз бизнесларини ташкиллаштирмоқчи бўлганларга ёрдам кўрсатиш бўйича берган топшириқлари туфайли Янги авлодда янгича фикрлайдиган, фойдали фаолият тури билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар сони тобора ортиб бормоқда. Бу "Аёллар дафтари"дан чиққан тадбиркор Муҳаббат Исломова каби оилавий тадбиркор ва ҳунармандлар сонининг кўпайишига ёрдам беряпти.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири