Камбағаллик 3,9 фоизга пасайди: Янги тизим орқали барқарор фаровонлик сари
Ўзбекистонда камбағалликка қарши кураш давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бутунлай янги босқичга чиқди. Тизим мутлақо трансформация қилиниб, асосий эътибор ва молиявий ресурслар бевосита маҳалла ва туман штабларига йўналтирилди. Соҳадаги натижадорлик ажратилган кредитлар ҳажми билан эмас, балки оилаларнинг реал даромади ва яратилган доимий иш ўринлари билан баҳоланмоқда.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотига кўра, 2026 йил учун 1,1 миллион нафар аҳолини, яъни 263 мингта оилани камбағалликдан чиқариш ва камбағаллик даражасини 5,8 фоиздан йил якунига қадар кескин қисқартириш вазифаси белгиланган.
Бу рақамлар ортида, аввало, алоҳида оилалар турибди. Шунинг учун жорий йилнинг ўтган саккиз ойида “Ижтимоий реестр”га киритилган оилаларнинг эҳтиёжи ва имкониятидан келиб чиқиб, 515 мингта оила учун индивидуал режалар ишлаб чиқилди. Ушбу режалар асосида 390 мингта камбағал оила даромад оширишга қаратилган 554 мингта бандлик хизматлари орқали қамраб олинди.
–Камбағалликни қисқартиришдан асосий мақсад фақат оилага бир марталик ёрдам бериш эмас, – деди Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги бўлим бошлиғи Аббос Омонов. – Энг муҳими, ҳар бир оиланинг имкониятини аниқлаб, унинг ўз даромад манбаига эга бўлиши, барқарор ишлаши ва ҳаёт шароитини яхшилаши учун зарур имкониятларни яратиш.
Бу хизматлар ҳар бир фуқаронинг ҳолатига қараб турлича бўлди. Кимгадир иш керак бўлса, ишга жойлаштириш, кимдадир тадбиркорлик қилиш имконияти керак бўлса, кредит, субсидия ёки бошқа имтиёзлар, шартлар орқали тадбиркорликка жалб қилиш, кимгадир эса янги касб ўрганиш имконияти берилди.
Хусусан, 161 минг нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 67 минг нафарига имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратилди, 304 минг нафари тадбиркорликка жалб қилинди, 22 минг нафари касб-ҳунарга ўқитилди.
Маҳаллада янги даромад манбаи пайдо бўлиши бу нафақат битта лойиҳа, балки шу ҳудуддаги одамлар учун иш ва даромад имконияти дегани. Шу мақсадда ҳоким ёрдамчилари томонидан қарийб 55 мингта микролойиҳа ишга туширилиб, 164 минг нафар аҳолининг даромади оширилди.
Камбағал оилаларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун эса 700 миллиард сўмлик кредит, 77 миллиард сўм ссуда ва субсидия маблағлари ажратилди.
Барқарор даромад манбаларини яратиш мақсадида 1,4 минг гектар ўрмон фонди ерлари 1831 та камбағал оилага кўчатхона ва доривор ўсимликлар етиштириш учун ижара асосида ажратиб берилди. Яъни, ушбу оилаларга тайёр ёрдам эмас, ўз меҳнати орқали даромад олиш имконияти берилди.
Камбағалликни қисқартириш фақат бугунги даромад билан чекланмайди. Оиланинг фарзанди яхши таълим ва замонавий кўникма олса, келажакда унинг имкониятлари ҳам кенгаяди. Шу боис камбағал оилалар фарзандларининг 125 минг нафари қўшимча тўгаракларга жалб қилинди ва бунинг учун давлат бюджетидан 129 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Шунингдек, 49 минг нафар камбағал оила фарзандлари ахборот технологиялари, хорижий тил, электрон тижорат, SMM ва график дизайн каби замонавий курсларда бепул ўқитилди.
Германиянинг нуфузли ташкилотлари билан ҳамкорликда 37 та “оғир” тоифадаги туманда жойлашган 89 та техникумда 1589 нафар ўқувчини “Тадбиркорлик” йўналишида ўқитиш йўлга қўйилди.
Оиланинг даромад топиш имконияти унинг саломатлиги билан ҳам бевосита боғлиқ. Шунинг учун “Ижтимоий реестр”даги фуқароларнинг 351 минг нафарида турли касалликлар аниқланди. Уларнинг 42 минг нафари уй шароитида, 217 минг нафари амбулатор, 31,5 минг нафари туман, шаҳар ва вилоят шифохоналарида, 2 минг нафари республика ихтисослаштирилган марказларида даволанди.
Шундан 8,4 минг нафари жарроҳлик йўли билан соғломлаштирилиб, меҳнат бозорига чиқарилди.
Оиланинг фаровонлиги фақат иш ёки кредитга эмас, у яшаётган ҳудуддаги шароитга ҳам боғлиқ. Шу сабабли “Янги Ўзбекистон” қиёфасидаги 33 та туман ва 330 та маҳалла, “оғир” тоифадаги 37 та туман ва 915 та маҳаллада инфратузилмани яхшилаш учун жами 7,7 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Бу маблағлар сув, электр энергияси, йўл, ижтимоий объектлар ва бошқа зарур инфратузилмани яхшилашга хизмат қилмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг саккиз ойи якуни билан камбағаллик даражасини йил бошидаги 5,8 фоиздан 3,9 фоизгача туширишга эришилди. Шунингдек, 49 та туман ва 3429 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айлантирилди.
Президентимиз бошчилигида 3 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда камбағал оилалар билан ишлашда ҳар бир йўналиш бўйича аниқ механизмларни ишлаб чиқиш ва ҳар бир оила учун аниқ ҳамда барқарор даромад манбаини яратиш вазифаси белгилаб берилди.
Йил якунига қадар ҳудуд раҳбарлари олдига 350 минг нафар аҳолини доимий ишга жойлаштириш, яна 1 миллион нафар аҳолининг даромадини ошириш ва 230 мингта оилани камбағалликдан чиқариш вазифалари қўйилди.
Бу вазифаларни амалга ошириш учун аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишнинг янги диагностика тизими ишга туширилади. Унинг асосий тамойили оддий: “аввал ташхис — кейин ечим”. Хусусан, фуқарога бир хил ёндашув эмас, унинг ишсиз ёки камбағал бўлиб қолиш сабабини аниқлаб, шундан кейин мос ечим белгилаш кўзда тутилмоқда.
Жумладан, ҳоким ёрдамчиси ишсиз ва камбағалларни уйма-уй ўрганиб, “Онлайн маҳалла” платформасига киритади. Ҳар бир фуқаронинг ишсизлик ва камбағаллик сабаблари аниқланиб, платформада индивидуал режа асосида “Омбор китоби” шаклланади. Фуқаро сунъий интеллект орқали тоифаларга ажратилади ва ўз тоифаси бўйича “маҳалла еттилиги”нинг тегишли ходимига бириктирилади.
Шунингдек, “маҳалла еттилиги” ҳар бир фуқаро бўйича индивидуал режани коллегиал тасдиқлайди. Энг муҳими, “Омбор китоби” ҳар чоракда янгиланиб боради.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда барча ҳоким бошчилигида фавқулодда штаблар иш фаолиятини бошлаб, уларга республика даражасидаги жами 28 нафар масъул раҳбар бириктирилди.
Келгусида ҳам “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида ҳар бир оила билан индивидуал ишлаш, янги даромад манбаларини яратиш, тадбиркорликни ривожлантириш, инсон капиталини ошириш ва “оғир” ҳудудларни комплекс ривожлантириш ишлари давом эттирилади.
Асосий мақсад камбағалликни вақтинча камайтириш эмас. Мақсад — оилани барқарор даромадга олиб чиқиш, унинг яна камбағалликка қайтишининг олдини олиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш.
Гулноза Бобоева, ЎзА