Камала Харрис соғломлигини маълум қилди
АҚШ президентлигига номзод Камала Харрис саломатлиги ҳақида маълумот берувчи ташхисни матбуотда эълон қилиб, рақиби Трампга жавоб юришини амалга оширди.
Шанба куни у ўз шифокорининг “саломатлиги аъло даражада”, президент лавозимида ишлаш учун зарур “жисмоний ва руҳий куч”га эгалиги юзасидан хулоса берувчи мактубини ошкор этди. Қолаверса, республикачилардан номзод Дональд Трампнинг нозик томонларига урғу беришни ҳам унутмади. Зеро, Трамп сўнгги йилларда соғлиги тўғрисида, деярли, маълумот бермаган. Июль ойида суиқасд пайти қулоғини ўқ “ялаб” ўтганини ҳисобга олмаганда, сайловчилар унинг саломатлиги ҳақида ҳеч нима билмайди.
АҚШ армияси полковниги, амалдаги вице-президентнинг шифокори Жошуа Симмонс 59 ёшли Харрис соғлом, фаол турмуш тарзига риоя қилишини айтиб, мижози ҳар томонлама тетиклигини таъкидлаган.
Ушбу ҳисоботда Камала Харрис “Президентликни, жумладан бош ижрочи, давлат раҳбари ва бош қўмондон вазифаларини муваффақиятли бажариш учун керакли жисмоний ва руҳий барқарорликка эга” дейилган.
78 ёшли Трамп тарафдорлари ҳозир рақибнинг саломатлиги ва ёши тўғрисида гап очмай қўйишган. Ахир, Камала Дональддан анча ёш-да!
Агар демократ даъвогар 81 ёшли Жо Байден бўлганда, республикачилар унинг ёши, саломатлиги ёки кексалик сабаб ноқулай аҳволга тушган дамларини эслатиб, бундай унумли фойдаланган бўлишарди.
Камала Харрис эса “бардам” ва аксига олиб, айни усулни энди Трампнинг ўзига қарши ишлатяпти.
Кенжа Бекжонов, ЎзА