Кадастр ҳужжати йўқ уйларнинг тақдири нима бўлади? (+Видео)
Уй инсон учун шунчаки тўрт девор ва томдан иборат иморат эмас. У йиллар давомида йиғилган меҳнат, оилавий хотиралар, фарзандлар кулгиси ва эртанги кунга бўлган ишонч мужассам бўлган маскан.
Кимдир ўз уйига бир умрлик меҳнати эвазига эришади, кимдирга эса ота-бобосидан мерос қолади. Уйнинг ҳар бир ғиштида умид, ҳар бир хонасида хотира, ҳар бир бурчагида бир оиланинг ҳаёти мужассам.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган, сотувга чиқарилаётган кўп қаватли уйларнинг аксариятида кадастр ҳужжатлари мавжуд эмаслиги сир эмас. Аммо йиллар давомида яшаб келаётган уйингиз бир куни ҳужжатларда сизники экани тасдиқланмасачи? Минг машаққатларда эришган уйингизнинг кадастр ҳужжати йўқлиги туфайли уни сотиш, мерос қолдириш ёки ўз ҳуқуқингизни ҳимоя қилишда қийинчиликка дуч келишингиз мумкин.
Хўш, кадастр ҳужжати йўқ уйлар тақдири нима бўлади?
Йиллар давомида яшаб келинган хонадонни қонуний расмийлаштириш мумкинми?
Энг муҳими, ўз уйида яшаётган инсон ўз ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилиши керак?
Давлат кадастрлари палатаси Бино ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш бошқармаси бошлиғи Маҳкамбек Аҳмедов мазкур савол юзасидан қуйидаги маълумотларни тақдим этди.
—Ўзбекистонда уйларни кадастрлаш — бу уй ва унга тегишли ер участкаси ҳақидаги маълумотларни расмийлаштириш, объектни ўлчаш, техник ҳужжатларни тайёрлаш ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнидир. Лекин кадастр ҳужжати йўқ уйларни кадастрлаш, аввал кадастрдан ўтган уйларнинг маълумотларини янгилаш ва ўзбошимчалик билан қурилган уйларни қонунийлаштириш — бир-биридан фарқ қиладиган жараёнлар. Уйларнинг кадастр ҳужжатларини ишлаб чиқишда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида тегишли талаблар белгилаб қўйилган.
Қайд этиш лозимки, фуқарода “объектни қуриб, якунига етказиб кейин хатловдан ўтказаман, эгалик ҳуқуқини оламан”, деган тушунча бўлиши мумкин эмас. Қонунчиликка асосан ваколатли ташкилотлар фаолияти йўлга қўйилган. Хатлов ишлари Давлат кадастрлари палатаси ходимлари томонидан амалга оширилади. Ушбу хатлов жараёни вилоят ҳокимликларининг таклифлари асосида шакллантирилган режа-жадвали асосида бажарилади. Тегишли органлардан ижобий хулоса олинган тақдирда кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга рухсат этилади. Қонуний асослар мавжуд бўлса, уйга бўлган ҳуқуқ давлат реестрида рўйхатдан ўтказилади.
Кўп қаватли уйларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги тегишли қарорига кўра ҳамда “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ амалга оширилади.
Сўнгги вақтларда янги қурилган уйларда кадастр ҳужжатлари чиқмаяпти, деган важлар кўпайган. Бу каби ҳолатлар қурилиш ташкилотлари томонидан инобатга олиниши керак. Кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун қурилиш соҳасидаги тадбиркорлар томонидан тегишли ҳужжатлар ўз вақтида тақдим қилиниши лозим.
Батафсил қуйидаги видеоҳаволада.
ЎзА мухбири
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.