Кабуки кимонолари Оксфорд музейида
Оксфорддаги музейда 400 йилдан зиёд тарихга эга анъанавий япон ижрочилик санъати – Кабуки либосларининг ноёб намойиши ноябрь ойи охирида бошланиб, икки йил давом этади, деб ёзди “Kyodo news” нашри.
Кабуки – япон театрининг драматик ижро ва анъанавий рақсни бирлаштирган мумтоз шакли. Бу санъат жозибали ижро, чиройли безатилган либос, қуюқ пардоз уйғунлиги орқали ёрқин ва ранг-баранг қаҳрамонларнинг шахсияти ва кайфиятини етказишга ёрдам беради.
Оксфорд университети Эшмола музейи куратори айтишича, Британиядаги Кабуки либосига бағишланган биринчи экспонат – жами 13 кимоно ва “оби” белбоғи кун чиқар давлатнинг ғаройиб санъатидан сўзлайди.
Ушбу кўргазма иштирокчиси – тирик миллий хазина, “аёл” ролининг энг яхши ижрочиси, актёр Тамасабуро матбуот анжуманида кўргазмага келганларни, шунчаки, “кўркам Кабуки костюмларидан баҳраманд бўлишга” чақирди.
Моҳир ижроси туфайли Лондон, Париж, Нью-Йорк, Пекинда концерт берган, Франциянинг энг юқори маданият мукофотига сазовор бўлган Тамасабуро либосларни саҳнадан ташқарида кўришни интиқлик билан кутаётганини айтди. 73 ёшли актёр Кабуки кийимидаги майда деталларга ҳам эътибор қаратади, баъзан каштадўзлик билан ҳам шуғулланади.
Музейнинг Шарқ маданияти бўлими япон санъати куратори Клер Поллард ҳозир “Кабуки маданиятини таништириш учун айни вақт” эканини қайд этди.
Кўргазмада Японияга тегишли 9 000 буюм мавжуд музей, япон рассомининг кабуки драмаларидаги асосий саҳна ва лаҳзалари трафарети ҳам намойиш этилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА