Кўркам қишлоқлар, замонавий уйлар
Бугун қишлоқ деганда, кўз олдимизда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган замонавий массивлар гавдаланади. 25-30 йил аввал режасиз, бетартиб қурилган пана-пастқам лойсувоқ уйлардан иборат аҳоли пункти қишлоқ, деб аталарди.
Бугун қишлоқ деганда, кўз олдимизда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган замонавий массивлар гавдаланади. 25-30 йил аввал режасиз, бетартиб қурилган пана-пастқам лойсувоқ уйлардан иборат аҳоли пункти қишлоқ, деб аталарди.Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қишлоқларимизда бунёдкорлик ишларининг янги босқичини бошлаб берди.
Замонавий уй-жойлар қурилиши кўлами Бухоро вилоятида ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Ўтган йили вилоятда 923 уй-жой фойдаланишга топширилди.
Уйларнинг ўз вақтида, лойиҳада белгиланган муддатларда сифатли қурилиши кўплаб омиллар, жумладан, қурилиш материаллари таъминотига ҳам боғлиқ.
– Қурилишда 60 дан ортиқ турдаги материал ва ашёлардан фойдаланилади. Уларнинг бир қисми, масалан, цемент, металл черепицалар, арматура, сув иситгич, қозон, эшик-ром, бўёқ ва бошқалар бозордагидан арзон нархларда марказлаштирилган тартибда етказиб берилади, – дейди “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси Бухоро вилояти филиали бош муҳандиси Ҳусниддин Нурмуҳамедов. – Бунга вилоятдаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқарилаётган пишиқ ғишт, шлакоблок, қум-шағал, темир-бетон маҳсулотлари, иситиш қозонларининг айрим турлари, сувоқ ва пардозлаш ашёлари юқори сифати билан ажралиб туради.
Бухоро вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2009 йил 19 июндаги “Деворбоп материаллар ишлаб чиқаришни кўпайтиришни рағбатлантириш ва сифатини яхшилаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим омил бўлаётир.
“Бухоро қишлоқ қурилиш сервис” масъулияти чекланган жамияти ишлаб чиқараётган пишиқ ғишт юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда. Корхонада ўтган йили 3,5 миллион донадан зиёд деворбоп материал ишлаб чиқарилди. Олот, Ромитан, Қоракўл туманларидаги қурилиш ташкилотлари субъектнинг асосий буюртмачиларидир. Корхонанинг барқарор фаолият юритишида солиқ имтиёзлари ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Масалан, ўтган йили ана шу имтиёзлар туфайли бир неча ўн миллион сўм маблағ корхона ихтиёрида қолди.
Энергия тежамкор технологиялар билан жиҳозланган бундай корхоналар томонидан ўтган йили вилоятда 114,4 миллион донадан ортиқ деворбоп материал тайёрланди. Ана шу маҳсулотнинг 30 фоизидан ортиғи намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойларга етказиб берилди.
Ғиждувон туманидаги “Ғиждувон техстройпрогресс плюс” масъулияти чекланган жамияти томёпма плиталар ишлаб чиқарадиган замонавий корхоналардан бири. Умумий қиймати 290 минг еврога тенг, халқаро андозаларга жавоб берадиган технологиялар билан модернизация қилинган мазкур кичик бизнес субъекти Ғиждувон, Пешку, Шофиркон, Вобкент туманларидаги қурилиш ташкилотлари, жумладан, уй-жойлар бунёд этаётган пудрат ташкилотлари буюртмаларини ўз вақтида бажариб келаётир.
– Темир-бетон буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонамиз ўз фаолиятини кенгайтириб, Бухоро шаҳрида кўп қаватли уй-жойлар қурилишида катта тажриба тўплаган. Бу бизга бир неча йилдан буён намунавий лойиҳалар асосида қишлоқ жойларда уй-жой барпо этиш лойиҳасида ўз ўрнимизни топишимизда қўл келмоқда. Томёпма материаллар ва бошқа темир-бетон маҳсулотларининг корхонамизда ишлаб чиқарилаётгани таъминот барқарорлиги, тежамкорлик жиҳатидан афзал, – дейди Бухоро шаҳридаги “Қурилиш материаллари комбинати” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Тошпўлат Шодиев. – Ўз эҳтиёжимиз ва буюртмалар кўпаяётганини инобатга олиб, жорий йил охирига қадар цехларимизни технологик ускуналар билан янгилаш чораларини кўрмоқдамиз.
Вилоятда ўтган йили қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга йўналтирилган 160 дан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Улар орасида зарурат туғилганда муқобил ёқилғи – тошкўмирда ишлайдиган ғишт ишлаб чиқарувчи мини-заводлар, темир-бетон буюмлари, шлакоблок, пенаблок, оҳак-гипс тайёрлайдиган корхоналар бор. Ана шу лойиҳаларга тадбиркорлар ва тижорат банкларининг қарийб 40 миллиард сўмлик маблағи сарфланди. Яна бир муҳим жиҳати, мазкур сармоя ҳисобига 2,4 минг янги иш ўрни яратилди.
Қурилиш материаллари бозорининг ривожланиши вилоятда кўлами йилдан-йилга кенгайиб бораётган бунёдкорлик лойиҳалари, жумладан, қишлоқ жойларда замонавий уй-жойлар барпо этаётган пудрат ташкилотлари эҳтиёжини қондириш имконини бермоқда.
Вилоятда намунавий лойиҳалар асосида 992 уй қурилиши олиб борилмоқда. Ишончли таъминотчи шерикларга таянган ва замонавий қурилиш технологиясини қўллаётган бинокорлар янги уйларни Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги арафасида фойдаланишга топширишни режалаштирган.