Журналистлар – Ватан ҳимоячилари
Ҳар биримиз ўз оиламиз, туғилиб ўсган қишлоғимиз, шаҳримиз, бир сўз билан айтганда, Ватанимиз ҳақида гап кетса, беэътибор бўлолмаймиз, негаки, киндик қонимиз тўкилган гўша – ота макон, она юртни ардоқлаш ва улуғлаш табиатимизда мужассам. Ватанни асраб-авайлаш, севиш, уни ҳимоя қилиш ҳар бир шу азиз макон фарзандининг, жумладан, журналистларнинг ҳам муқаддас бурчи.
Тўғри, журналист ҳарбийлар каби қўлига қурол олиб Ватанни қўриқламайди. У қўлидаги қалами билан юртини ҳимоя қилиши лозим. Журналистлар – Ватан ҳимоячилари, деб ҳам айтишимиз мумкин. Дунёда юзага келган нотинчликлар, авж олаётган қарама-қаршиликлар ана шу муқаддас бурчга садоқат масъулиятини ошириш баробарида ҳар биримизни, айниқса, медиа соҳа вакилларини ахборот хуружлари катта таҳдидлардан бирига айланиб бораётган бугунги кунда янада огоҳ ва ҳушёр бўлишга ундаётгандек.
Пойтахтимиздаги “Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан ўтказилган “Ватан манзумаси” номли адабий-маърифий кечада мамлакатимиз марказий оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, Тошкент ва Сирдарё вилоятларида фаолият олиб бораётган бир юз эллик нафарга яқин журналистлар ҳам иштирок этди.

Сарой фойесида тартиб билан жойлаштирилган ҳарбийларнинг машқ майдонларида олинган суратлар, “Туркий адабиёт дурдоналари” туркумидан китоблар кўргазмаси, спорт милтиқ ва моделчилик жиҳозлари эътиборни тортади.
Бир ярим соат давом этган кеча дастуридан ўрин олган ранг-баранг чиқишлар – эл суйган санъаткорларнинг Ватанни, онани, аёлни, дўстни, табиатни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари, эл севган шоирларнинг оила, элу юрт, тинчлик, севги муҳаббатга оид, одамни ўйга толдирадиган чуқур маъноли, қалбларни жунбушга келтирадиган шеърлари, ҳарбийларимиз фаолиятига доир мазмунли, кўтаринкилик, фахр-ифтихор бахш этувчи лавҳалар – барча-барчаси кишига завқ-шавқ бериш баробарида чуқур ўйга толдиради, фикрлашга, мушоҳада қилишга ундайди. Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ўз-ўзидан таъминланмаётгани, уни қадрлаш, сақлаш ҳар қачонгидан ҳам устувор аҳамият касб этаётганини янада теран англайсиз.
Тадбирда тарихда элу юрт тинчлиги ва осойишталиги учун курашган Тўмарис, Барчиной, моҳир мерган сифатида ном қозонган Зебо Ғаниева сингари хотин-қизларга бағишланган шеърлар янгради. Бугун ҳам миллий армиямиз тизимида уларнинг юзлаб издошлари Ватанимиз хавфсизлигини таъминлаш йўлида йигитлар билан ёнма-ён хизмат қилмоқда.

Мудофаа ва Маданият вазирликлари, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган кечада ўз хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган Ватан ҳимоячиларининг фарзандлари – ота касбини танлаган йигит-қизларнинг чиқишлари, дил сўзлари таъсирлантиради.
Давлатимиз раҳбарининг “Барчамиз, энг аввало, Ватан ҳимоячиси, тинчлик посбони бўлишимиз зарур!” деган чуқур маъноли сўзлари саҳнада намойиш этилган бадиий-мусиқий чиқишларнинг бош ғояси бўлди, десак адашмаймиз.
Тинчлик – энг бебаҳо неъмат. Иштирокчиларга катта маънавий озуқа берган кечада қатнашган одам тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун бутун халқ бир тану бир жон, аҳил-иноқ, Ватанга садоқатли бўлиши, бирлашиши, якдил бўлиши лозимлигини ҳис қилади, қалбан тушунади.
– "Ватан манзумаси" тадбири менга мамлакатимиз аҳлининг кучли инсоний туйғулари намойишидек таассурот берди. Бу туйғулар доимо уйғоқ бўлиши керак, – дейди “Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Чори Латипов. – Шуни назарда тутганда маърифий уйғонишлар юз бераётгандек назаримда. Бу тадбирда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан зиёлилар, хусусан, журналистлар таклиф этилганлиги, шунингдек, залда Ватан ҳимоясида бўлган ҳарбий либосли йигитларимизни кўриб, тадбирнинг моҳияти юксак эканлигини ҳис қиласан киши. Зотан, бундай тадбирлар иштирокчиларда Ватан муқаддаслиги ҳиссини янада мустаҳкамлайди.
Холмурод САЛИМОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б.
ЎзА