Журналистика соҳасидаги ютуқ ва муаммолар
Андижонда «Жамият ва оммавий ахборот воситалари” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, уюшманинг вилоят бўлими, шунингдек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида З. М. Бобур номли Андижон вилояти Ахборот кутубхона марказида ташкил этилган семинарда вилоятдаги босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, республика нашрларининг вилоятдаги мухбирлари иштирок этди.
Семинарда сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раисининг ўринбосари Х. Салимов, уюшманинг вилоят бўлими раиси Н. Саидов семинарнинг мақсади, бугунги кун журналистлари олдида турган муҳим вазифалар, соҳадаги ютуқ ва муаммолар хусусида атрофлича сўз юритди.
Семинарда “Янги Андижон – янги орзулар”, “2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигни мустаҳкамлаш йили” да белгиланган ишларнинг ёритилиши”, “Дўстлик – узилмас ришта”, “ОАВ соҳаси учун ёш кадрларни тайёрлаш. Мазкур йўналишдаги ютуқ ва муаммолар” “Президент сайловини ёритишда ОАВ иштироки ва роли”, “Андижон – тадбиркорлар юрти” мавзуларида маърузалар тингланди.
Иштирокчилар томонидан маърузалар, оммавий ахборот воситаларининг жамият ижтимоий ҳаётидаги роли ва иштирокини кучайтириш борасида таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.
– Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларини малакали кадрлар билан таъминлаш масаласи энг долзарб масалалардан бирига айланган, – дейди “Андижоннома” ва “Андижанская правда” газеталари қошидаги “Журналистик маҳорат мактаби” раҳбари Нажмиддин Эргашев. – Олий ўқув юртларини тамомлаган жуда кўп ёшлар вилоят, туман, шаҳар газеталарига келиб ишлашни хоҳлашмайди. Чунки жойларда уларнинг самарали ишлаши, ўзларининг ижодий имкониятларини юзага чиқаришлари учун зарур шарт-шароитлар мавжуд эмас. Қолаверса, ҳозирда Андижонда деярли барча босма нашрлар мунтазам чоп этилмаяпти, таҳририятлар қатор муаммолар гирдобига тушиб қолган. Юзага келган бу ҳолатга энг аввало, газеталар муассислари, шу соҳанинг мутасаддилари жиддий ёндашиб, оммавий ахборот воситалари, хусусан, босма нашрларни қўллаб-қувватлаши керак. Соҳага ёш кадрларни тайёрлаш масаласи ҳам эътиборимиздан четда қолмаслиги керак.
Шунингдек, семинарда жорий йилда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган катта сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш, сайлов жараёнлари билан аҳолини мунтазам хабардор қилиб туриш, мазкур жараёнда қонун устуворлиги ва шаффофликни таъминлаш, тарғибот жараёнларида Президентликка номзодлар учун тенг шароитлар яратиб бериш, фуқароларнинг сайловлар ҳақидаги билимларини бойитиш, сайловларда фаол иштирокини таъминлаш юзасидан зарур ахборотлар етказиш, тарғибот ишларини олиб боришда ҳам ОАВлари, журналистлар томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилиши, мазкур йўналишда иш ташкил этишнинг самарали усуллари юзасидан тавсия, таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилади.
Семинар иштирокчиларнинг касбий билим ва маҳоратини оширишга, ўзаро тажриба алмашишга ёрдам бериш билан бирга, соҳадаги илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашиш имконини беради. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасаддилардан батафсил жавоб олди.
[gallery-3602]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ, ЎзА