Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббус билан Сирдарё шаҳрида “Журналистнинг касб этикаси: бунда қандай нормалар мавжуд?” мавзусида минтақавий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Жиззах, Сирдарё ва Наманган вилоятларида фаолият юритаётган ОАВ вакиллари, тажрибали журналистлар ҳамда соҳанинг етакчи мутахассислари иштирок этди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов ўз сўзида журналистикада ахлоқий мезонларнинг аҳамияти, инсон ҳуқуқларига ҳурмат ва жамият олдидаги бурч, касб этикаси масалаларига эътибор қаратди.
Семинарда сўзга чиққанлар – жиззахлик таниқли журналист Саид Донишев, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Наманган вилояти бўлими раиси Носиржон Деҳқонов, “Гулистон ҳаёти” газетаси бош муҳаррири Баҳринисо Норжигитова, шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Алиқул Хонимқулов журналистнинг жамиятдаги роли, сўз масъулияти ва ахборотни тўғри етказиш каби муҳим жиҳатлар ҳақида фикр билдиришди.

– Журналист фақат ахборот етказувчи эмас, балки жамиятда фикр шакллантирувчи, уни йўналтирувчи ва ҳаётга таъсир кўрсатувчи шахсдир. Шу боис ҳар бир сўз – масъулият, ҳар бир мақола – жамият олдида бурч, – дея таъкидланди семинарда.
Семинар иштирокчилари касб этикаси масаласини фақат назарий эмас, балки амалиёт нуқтаи назаридан ҳам муҳокама қилишди. Тадбир доирасида фейк ахборотлар, манипулятив материаллар, инсон шаънига тажовуз қилиш ҳолатлари ва бу каби хатоларнинг оқибатлари ҳақида аниқ мисоллар асосида фикр алмашилди. Фейкларга қарши самарали кураш усуллари, фактчекинг ва ахборот манбаларини текшириш бўйича тавсиялар ҳам берилди.

Ушбу минтақавий семинар журналистлар учун нафақат тажриба алмашиш майдони, балки соҳа ривожига масъуллар ўртасида очиқ мулоқот платформаси сифатида аҳамият касб этди. Касб этикаси, сўз эркинлиги ва жамият олдидаги масъулият мавзуларига бағишланган бу каби тадбирлар миллий журналистиканинг савиясини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири