ЖССТ: Ғазо оммавий очарчиликка дуч келмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедро Аданом Гебрейесус Исроил блокадаси сабаб Ғазо секторидаги маҳаллий аҳоли очликдан азият чекаётганини таъкидлади.
Унинг айтишича, Ғазо аҳолиси “бомбалар ва ўқлардан ташқари яна бир қотил – очлик билан” ҳам дуч келмоқда.
ЖССТ раҳбари 2025 йилда тўйиб овқатланмасликнинг “ўсиши” камида 21 боланинг ўлимига сабаб бўлганини айтди, аммо бу рақам айсбергнинг учи бўлиши мумкин холос.
– Мен буни оммавий очарчиликдан бошқа нима деб аташни ҳам билмайман, -дейди ЖССТ вакили Рик Пиперкорн. – Бу блокада туфайли Ғазодаги уй хўжаликларининг 95 фоизи жиддий сув танқислигига дучор бўлмоқда.

Унинг сўзларига кўра, БМТ ва унинг гуманитар шериклари жорий йил март ва май ойлари орасида деярли 80 кун давомида ҳудудга ҳеч қандай озиқ-овқат етказиб бера олмаган.
Исроил ҳукумати матбуот котиби “Sky News” нашрига берган интервьюсида озиқ-овқат танқислиги ХАМАС томонидан ишлаб чиқилгани ва айни пайтда Ғазода очарчилик йўқлиги ҳақида гапирди.
Қизиқ жиҳати, Ғазога кирадиган барча таъминотни назорат қилаётган Исроил озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар тақчиллиги учун жавобгарликни рад этмоқда.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Фаластин ҳудудида “очлик ҳар бир эшикни тақиллатмоқда” деди ва вазиятни “даҳшатли шоу” деб баҳолади.

М.Пирматова тайёрлади.
ЎзА