Жонгелди овулида уч авлод учрашуви
Бухоро вилояти Пешку туманидаги “Жонгелди” маҳалла фуқаролар йиғинига бориш учун туман марказидан салкам 200 километр масофа босиб ўтиш керак.
Овулда асосан қозоқ, туркман миллатига мансуб аҳоли яшайди. Улар ўз миллий анъаналари, санъати ва маданияти, тилини сақлаб, кейинги авлодларга етказмоқда. Сўнги йилларда овулда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Жумладан, овулга олиб борадиган йўл ҳамда ички кўчаларга асфальт қопламаси, тош-шағал ётқизилди. Пиёдаларга йўлаклар барпо этилди. Муҳандислик коммуникация тармоқлари янгиланди. Электр энергияси, тунги ёритиш, газ таъминотини яхшиланди. Ўзгаришлар жараёнида овул аҳлининг узоқ йиллик яна бир орзуси ушалди. Мавжуд хонадон ва ижтимоий соҳа объектлари сифатли ичимлик сув билан таъминланди. Аҳамиятлиси, бу ерда барпо этилган янги шифохона, мактаб, мактабгача таълим ташкилоти, фуқаролар йиғини биноси фаолиятидан аҳоли мамнун.
[gallery-4000]
Иқтисодий ва ижтимоий масалалар – ҳудудда саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш юзасидан ҳам бир қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Мамлакатимиз бўйлаб “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида ўтказилаётган уч авлод учрашуви тадбирининг навбатдагиси айнан мана шу маҳаллада ташкил этилди.
Тадбирда иштирок этган Пешку, Ромитан, Қоровулбозор, Шофиркон, Ғиждувон туманлари, шунингдек, Навоий вилоятидан келган меҳмонлар овулдаги янгиланишлар билан танишди.
– Илгари оддий лаборатория текширувлари учун ҳам одамлар туман марказига борарди, – деди Жонгелди қишлоқ участка шифохонаси бош шифокори Гулнур Айимбетова. – Эндиликда замонавий ва шинам, қишда иссиқ, ёзда салқин бўладиган мўъжаз шифохонада Жонгелдидан ташқари қўшни Қалъа ота ва Сафрон овуллари аҳолисига ҳам тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Электрокардиограмма, ультратовушли текширув аппаратлари, қолаверса, умумий амалиёт шифокорлари билан бирга терапевт, педиатр мутахассислар, 10 ўринли кундузги стационар, жарроҳлик, болалар ва тез тиббий ёрдам бўлимлари, стоматология, ижтимоий дорихона бир жойда жойлашган.
Маҳалла фуқаролар йиғини биносида ҳам барча шароитлар яратилган.
Ўзбекистонда мустаҳкам қарор топган халқлар дўстлиги, ёшлик, меҳр-оқибат муҳитини уч авлод учрашувида иштирок этган Ҳиндистондан келиб Бухоро давлат тиббиёт институтида ўқиётган талабалар ҳам ҳис қилди. Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик намойиши миллий қадрият ва анъаналар, санъат ва маданият тақдимотларига уланди.
Тадбирда ибратли ҳаёти ва узоқ йиллик фаолияти билан ёшларга ўрнак бўлаётган фахрийлар, турли тармоқ ва соҳаларда самарали меҳнат қилаётган юртдошларимиз, ёшлар вакиллари Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги эсдалик нишонлари билан тақдирланди. Тантанада Янги Ўзбекистон учун янги ташаббуслар, ғоялар илгари сурилди. Улар эса шубҳасиз реал ҳаётий натижаларга айланиб, юртимиз тараққиётига хизмат қилади.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА