Жиззахлик ўқувчи халқаро олимпиада ғолиби бўлди
Жиззах давлат педагогика институти қошидаги академик лицей ўқувчиси Ҳумоюн Норбеков Португалияда ўтказилган Халқаро биология олимпиадасида дунёда ўз тенгқурлари орасида тенгсиз эканлигини исботлади.
Жорий йилнинг 18-23 июль кунлари Лиссабон шаҳрида ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилган “IBO-32” (Халқаро биология олимпиадаси)да Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган ёш ватандошларимиз 2 та олтин ва 1 та кумуш медальни қўлга киритди.
Қувонарлиси, ғолиблар сафида Жиззах давлат педагогика институти қошидаги Сайилжой академик лицейининг 2-босқич ўқувчиси жиззахлик Ҳумоюн Норбеков ана шу 2 олтин медальдан биттасини қўлга киритди.
– Ушбу зафаримиз Президентимизнинг биз, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, етук инсон бўлишимиз, тўлиқ таълим олишимиз учун яратиб берилган барча шароитлар туфайлидир, – дейди Сайилжой академик лицейи ўқувчиси Ҳумоюн Норбеков. – Халқаро олимпиадада қўлга киритилган олтин медаль ёшларга қаратилган эътибор ва ғамхўрликларга жавобан мамлакатимиз мустақиллигининнг 30 йиллик тўйига тўёна бўлсин.
А.Қаюмов, ЎзА