Жиззахлик ўқитувчилар Хитойда тажриба алмашмоқда
Жиззах вилояти педагогларидан иборат делегация Хитойнинг Сиан шаҳрида малака оширмоқда. Илғор таълим технологиялари, сунъий интеллект ва СТЕАМ ёндашувларини ўзлаштиришга қаратилган мазкур дастур ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Жиззах вилояти ўқитувчи-педагогларидан иборат делегация айни кунларда Хитой Халқ Республикасининг Сиан шаҳрида бўлиб турибди. Уларнинг хизмат сафари доирасида “Shaanxi Energy Institute” таълим муассасасида малака ошириш дастури ташкил этилган.

Дастурнинг очилиш маросимида Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Шоҳида Даманова сўзга чиқиб, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида таълим соҳасида изчил ривожланаётган ҳамкорлик муносабатлари педагоглар учун янги имкониятлар эшигини очаётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, бу каби халқаро дастурлар ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини юксалтириш, таълим сифатини ошириш ва замонавий тажрибаларни амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.

Малака ошириш дастурининг дастлабки машғулотлари тажриба алмашиш, инновацион ёндашувларни ўрганиш ҳамда педагогларнинг касбий компетенцияларини ривожлантиришга бағишланди. Айниқса, “Сунъий интеллект технологияларининг умумий кўриниши ва унинг таълим соҳасидаги имкониятлари. СТЕАМ таълими” мавзусида ўтказилган амалий машғулотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Бугунги кунда дунё таълим тизими рақамлаштириш ва интеллектуал технологияларни жорий этиш босқичини бошдан кечираётган бир пайтда мазкур йўналишдаги билим ва кўникмалар педагоглар учун муҳим омилга айланмоқда. Шу нуқтаи назардан, хитойлик мутахассислар билан мулоқот ва тажриба алмашиш ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини янада бойитишга хизмат қилади.
Делегация аъзолари шунингдек, “Shaanxi Energy Institute”да замонавий ўқитиш технологиялари, рақамли педагогика, таълим жараёнини бошқаришнинг самарали механизмлари ҳамда халқаро баҳолаш стандартларига бағишланган амалий тренингларда иштирок этмоқда.

Бу борада мамлакатимизда ҳам педагог кадрларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11-июлда қабул қилинган “Олий таълим ташкилотлари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида педагогларнинг касбий билим ва кўникмаларини узлуксиз такомиллаштириш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Мазкур ташриф ана шу вазифалар ижросининг амалий ифодаси сифатида эътиборга моликдир.

Мутахассислар фикрича, бундай халқаро таълим дастурлари педагогларнинг касбий ривожланиши билан бирга, таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, замонавий методикаларни миллий таълим тизимига татбиқ этиш ва таълим сифатига янги суръат бағишлашга хизмат қилади.
Шубҳасиз, Жиззах воҳаси ўқитувчиларининг Хитойдаги малака ошириш дастурида иштирок этиши икки давлат ўртасидаги таълим ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш баробарида, мамлакатимизда рақобатбардош ва замонавий фикрлайдиган педагоглар корпусини шакллантиришга муносиб ҳисса қўшади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири