Жиззахлик аёллар референдумда фаол иштирок этади
Жиззах шаҳри қир-адирликларидаги гўзал табиат қўйнида жойлашган “Наврўзбулоқ” дам олиш мажмуасида “Аёли эъзозланган юрт” шиори остида тарғибот тадбири ташкил этилди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан ўтказилган тадбир аввалида, санъат ва спорт севар ёшларнинг бадиий ва кўргазмали чиқишлари намойиш этилиб, саҳнада янграган жозибадор куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларига хуш кайфият улашган бўлса, мусаффо осмон сари учирилган ранг-баранг, турли шаклдаги, бири-биридан жимжимадор, мафтункор варракларнинг ҳавода парвоз этиши йиғилганларнинг ҳайратига сазавор бўлди. Саҳна атрофидан жой олган маҳаллий тадбиркор, ҳунарманд, чевар жиззахлик хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган, тайёрланган ва яратилган миллий маҳсулотлар, ҳунармандчилик асарлари кўргазмаси тадбир иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.
Жорий йилнинг 30 апрелида ўтадиган умумхалқ референдумига бағишлаб “Конституция меники, сеники, бизники. Конституция ўзимизники!” деб номланган ушбу тарғибот тадбири ва “галла-концерт” дастури намойишига вилоятда фаолият олиб бораётган энг фаол аёллар, спорт, санъат, фан ва адабиётда юқори натижаларга эришаётган хотин-қизлар, республика “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, меҳнат фахрийлари, ЎзННТ марказлари вакиллари, олима ҳамда ҳуқуқшунос аёллар ва умуман мингдан ортиқ жиззахлик опа-сингиллар, онахонларимиз ҳозир бўлди.
Тадбирни Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Назира Мухторова очди. Тадбирда фаол иштирок этаётган барча хотин-қизларга самимий миннатдорлик билдирди.
– Ҳурматли опа-сингиллар, онажонлар, вилоятимизнинг энг фаол, оқила ва дилбар аёллари. Барчангизни бугун мана шундай ёрқин, гўзал баҳорга хос баҳаво кунларда, кўркам, гўзал ва бетакрор табиатнинг ўзига хос фусункорлик кашф этувчи “Наврузбулоқ” дам олиш мажмуасида фаол тарзда кўриб турганимдан бениҳоя хурсандман ва барчангизга самимий миннатдорлик билдираман. Жорий йилнинг 30 апрель куни ўтадиган умумхалқ референдумида, хотин-қизларимиз ҳақ-ҳуқуқлари мукаммал тарзда ҳимоя қилиниши кафолатланган Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси, яъни порлоқ келажагингиз, фарзандларингиз ёрқин келажаги, оилангиз хотиржамлигини таъминловчи ислоҳ этилган Бош қомусимиз учун овоз беришда бугунгидан-да фаол иштирок этишингизга ишонаман, – деди Назира Мухторова.
Тарғибот тадбири давомида республика “Оқила аёллар”ҳаракати аъзоси, тарих фанлари доктори, профессор Нодира Мустафоева, Жиззах давлат педагогика университети ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, ҳуқуқшунос Зумрад Содиқова, Жиззах шаҳар “Олмазор” МФЙда яшовчи Наргиза Қоражонова ва бошқалар, янгиланаётган Конституциямизга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида атрофлича тушунчалар бериб, хотин-қизларга ҳукуматимиз томонидан қаратилаётган эътибор, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, берилаётган кенг имкониятлар, улар учун яратилган шарт-шароитлар хусусида атрофлича тўхталиб, жорий йилнинг 30 апрель куни бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтадиган умумхалқ референдумида ўзлари, барча оила аъзолари ва қўни-қўшнилари билан фаол иштирок этишга чорлади.
[gallery-11615]
Тадбир давомида янграган Ватан, баҳор, аёл, севги ва муҳаббат ҳақидаги сеҳрли қўшиқ, шўх куй, жозибали рақслар “Аёли эъзозланган юрт” шиори остида ўтган тарғибот тадбири иштирокчиларга байрамона кайфият бахш этди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА