Жиззахда янги тадбиркорлик тизими йўлга қўйилди
Президент топшириқлари ижроси доирасида куни кеча Жиззахда ишлаб чиқариш ускуналари шоуруми очилди. Мамлакатимизджа биринчи бўлиб Жиззах вилоятида бошланган бу тажриба республика ҳудудларида тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг янги механизмига айланиши кутилмоқда.
Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини оширишда маҳаллаларда ишлаб чиқаришни ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга. Бунинг учун фуқароларнинг тадбиркорлик ташаббусларини аниқлаш билан бирга, уларни амалга оширишга кўмаклашиш зарур. Аввало, зарур технология, молиявий ресурс ва малакали мутахассислар кўмаги бир нуқтада жамланиши лозим.
Президентимиз раислигида 2026 йил 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш ишларини янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишда давлат банкларига аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқ вазифалар юклатилди. Энди бу топшириқлар ижроси жойлардаги амалий ишлар самараси билан баҳоланиши керак.
“Агробанк” АТБ мазкур вазифаларни бажаришга ҳудудлардаги ҳақиқий эҳтиёжларни ўрганишдан киришди. Банк масъуллари маҳаллаларга чиқиб, аҳоли ва тадбиркорлар билан учрашди. Суҳбатларда янги ишлаб чиқаришни бошлаш, мавжуд фаолиятни кенгайтириш истагидаги фуқароларнинг таклифлари тингланди. Шунингдек, улар дуч келаётган муаммолар аниқланди.
Ўрганишлар тадбиркорлик ташаббусларини рўёбга чиқаришда бир нечта масала тўсиқ бўлаётганини кўрсатди. Айрим фуқаролар қайси ускуна ўз фаолиятига мос келишини билмайди. Бошқаларида технологик билим ва мутахассислар кўмаги етишмайди. Зарур жиҳозларни танлаш учун пойтахтга бориш ҳаммага ҳам қулай эмас.
Шу эҳтиёжлардан келиб чиқиб, республикада биринчи бўлиб Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш ускуналари шоурумлари фаолияти йўлга қўйилди. Уларнинг ўзига хослиги шундаки, тадбиркор ускунани кўриш, унинг имкониятларини ўрганиш ва молиялаштириш масаласини бир жойнинг ўзида ҳал қилиши мумкин. Шоурумлар қошидаги лойиҳалар фабрикаси эса ғояни тайёр бизнес лойиҳага айлантиришга хизмат қилади.
Намойиш майдонларида турли ишлаб чиқариш йўналишларига мўлжалланган жиҳозлар жамланган. Улар орасида қадоқлаш, озиқ-овқат ва қандолат маҳсулотлари тайёрлаш ускуналари бор. Совутиш, пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги жиҳозлари ҳам тақдим этилган. Металл ва шишага ишлов бериш, лазер технологиялари ҳамда полиграфия ускуналари ҳам намойиш қилинмоқда.
Техник қуввати ва вазифасига қараб, жиҳозларнинг нархи 2 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача белгиланган. Бундан ташқари, талаб юқори бўлган қимматроқ технологияларни буюртма асосида келтириш мумкин. Бунинг учун Хитой ва Туркиядаги ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилиш назарда тутилган.
[gallery-32291]
Ташаббуснинг яна бир муҳим томони молиявий хизматлар ҳам шу масканнинг ўзида кўрсатилишидир. Банк мутахассислари фуқароларга кредитлаш шартлари ва мавжуд молиявий асбоблар ҳақида маълумот беради. Ускуна етказиб берувчилар эса жиҳозларнинг техник хусусиятларини тушунтиради. Шу тариқа тадбиркор бир нечта ташкилотга мурожаат қилиш заруратидан халос бўлади.
Лойиҳалар фабрикаси фаолияти эса бу жараённинг мантиқий давомидир. Мутахассислар тадбиркорнинг ғоясини ўрганиб, уни амалий бизнес режага айлантиришда кўмаклашади. Танланган технологиянинг лойиҳага мувофиқлиги баҳоланади. Молиялаштириш масалалари ҳам шу асосда кўриб чиқилади.
Ускуна харид қилиш билан иш тугамайди. Жиҳозларни манзилга етказиш, ўрнатиш ва ишга тушириш хизматлари ҳам ташкил этилади. Фуқароларга хавфсиз фойдаланиш тартиби ўргатилади. Ишлаб чиқариш жараёнида технологик маслаҳат ва сервис хизмати кўрсатилиши ҳам режалаштирилган.
“Агробанк” АТБ Сув ва ижтимоий лойиҳалар маркази директори ўринбосари Озодбек Сайдиевнинг таъкидлашмча, мазкур ташаббус маҳаллаларда қўшимча қиймат яратишга қаратилган. Шоурумда тадбиркорларга ускуна танлашдан тортиб, уни ишлатишгача бўлган жараёнда тизимли кўмак берилади.
Унинг қайд этишича, ушбу ёндашувда банк ва ускуна етказиб берувчиларнинг ҳамкорлиги муҳим ўрин тутади. Чунки тадбиркор учун технологияни танлашнинг ўзи етарли эмас. Уни харид қилиш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш учун молиявий ҳамда ташкилий кўмак ҳам зарур. Янги тизим ана шу жараёнларни ўзаро мувофиқлаштиришга қаратилган.
Жиззахда бошланган ушбу тажрибанинг кейинги босқичи уни Сирдарё вилоятида, сўнгра республикадаги бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш билан боғлиқ. Бу эса бир ҳудудда шаклланган самарали ёндашувни кенгроқ миқёсда қўллаш имконини беради. Айни жиҳат ташаббуснинг аҳамиятини янада оширади.
Масаланинг иқтисодий моҳияти ҳам шунда. Маҳаллада кичик ишлаб чиқаришни ташкил этиш оилавий даромадни кўпайтириш билан бирга, янги иш ўринларини яратади. Маҳаллий хомашёни қайта ишлашга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ва аҳолининг меҳнат салоҳиятидан самарали фойдаланишга йўл очади. Айниқса, уй шароитида тадбиркорликни бошлаш истагидаги оилалар учун бу муҳим имкониятдир.
Энг муҳими, давлат раҳбари томонидан белгиланган вазифаларнинг натижаси аҳоли ҳаётида сезилиши керак. Бунинг мезони эса очилган шоурумлар сони эмас, балки ишга тушган ускуналар, йўлга қўйилган ишлаб чиқариш ва яратилган иш ўринларидир. Ҳар бир амалга ошган лойиҳа маҳаллада даромад манбаини кенгайтирса, камбағалликни қисқартиришга қўшилган амалий ҳиссага айланади.
Абдужалол Қаюмов, Жамшид Ёрбеков
(сурат),
ЎзА мухбирлари