Жиззахда умуммиллий тест синовлари ўтказилди
Жиззахда математика, она тили ва адабиёт фанларидан сертификатлаш тест синовларида иштирок этиш истагида my.dtm.uz сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтган талабгорлар учун 13-14 апрель кунлари тест синовлари ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 12 октябрдаги “Умумтаълим фанларини билиш даражасини баҳолашнинг миллий тест тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарорига асосан, 2020 йил 1 декабрдан бошлаб босқичма-босқич бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар мажмуасидаги умумтаълим фанларидан билиш даражасини баҳолашнинг Миллий тест тизимини жорий этиш назарда тутилган.
Мазкур қарорга мувофиқ, Жиззах вилоятидан онлайн рўйхатдан ўтган ва тўловни амалга оширган талабгорлар сони она тили ва адабиёт фанидан 34 нафарни, рус тили ва адабиёти фанидан 6 нафарни ҳамда математика фанидан 27 нафарни ташкил қилди. Мазкур талабгорлар учун Жиззах давлат педагогика институти академик лицейи биносида миллий тест синовлари ўтказилди.
Тест синовларини ўтказиш учун академик лицей биносидан 1 та 60 ўринли аудитория танлаб олинди. Аудитория ҳар бир талабгор учун 1 ўринли стол-стул, видеокузатув қурилмалари, соат билан жиҳозланди. Талабгорлар Давлат тест маркази томонидан ручка, ичимлик суви (0,5 л), тиббий ниқоб ва қўлқоп, антисептик воситалар билан таъминланди.
Тест синовларини шаффоф, адолат мезонлари асосида ўтказиш, жамоат тартибини сақлаш учун ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари, карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари, тиббиёт ходимлари жараён учун жалб қилинди.
Тест синовлари учун 3 соат вақт ажратилган.
– Талабгорлар тест синовлари жараёнига тана ҳароратлари ўлчаниб, тиббиёт ниқоби ва қўлқоп билан таъминланган ҳолда, ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари томонидан текшириб киритилди, – дейди вилоят давлат тест марказининг раҳбари Иброҳим Хотамов. –Тест синовлари жараёни тўлиқ видеокузатув мосламалари ёрдамида ёзиб олинди.
Вилоят давлат тест марказининг маълумотига кўра, 13 апрель куни она тили ва адабиёти (рус тили ва адабиёти) фанидан жами 40 нафар талабгор учун, 14 апрель куни математика фанидан жами 27 нафар талабгор учун тест синовлари ўтказилган. Тест синовлари соат 10:00 да бошланди ва 13:00 да якунланди. 13 апрель куни 40 нафар талабгордан 3 нафари, 14 апрель куни 27 нафар талабгордан 2 нафари тест синовларига ноъмалум сабабларга кўра қатнашмаган.
Тест синовлари натижалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг юқорида номи келтириб ўтилган қарори билан тасдиқланган Низомга кўра тест синовлари якунланган кундан бошлаб йигирма иш кунидан кечикмай Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
[gallery-2037]
Т. Бекназаров, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА