Жиззахда моҳир мотопойгачилар аниқланди
Жиззах шаҳридаги “Наврўзбулоқ” пойга майдонида мотокросс бўйича вилоят очиқ биринчилиги мусобақаси бўлиб ўтди. Вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган беллашувда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган 60 нафардан зиёд сараланган мотоспортчи иштирок этди.
Мусобақа ёшлар ва катталар ўртасида бир нечта йўналишда ўтказилиб, иштирокчилар двигатель ҳажми 65, 85, 125, 350, 500 ва 750 куб сантиметр бўлган спорт мотоциклларида мураккаб трассада маҳоратларини синовдан ўтказди. Юқори тезлик, кескин бурилишлар ва мураккаб тўсиқларга бой трассадаги баҳслар томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Беллашувлар якунига кўра, жиззахлик Даврон Камолов 65 куб сантиметрли мотоцикллар баҳсида, Толиб Қудратов эса “Хитой класси” йўналишида биринчи ўринни эгаллади.
Шунингдек, 85 куб сантиметр йўналишида Навоий вилояти вакиллари Ярослав Масленников ва 125 куб сантиметрда Саидбобожон Саидов, Тошкент шаҳри вакили Анвар Алимов ЧЗ-350 йўналишида, Бухоро вилоятидан Бекзод Халимбоев 500 куб сантиметрда, Наманган вилояти вакили Ориф Дадабоев ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан Николай Шарабаев ўз йўналишларида шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олди.

Мусобақа мотоспортни оммалаштириш, ёшларни техник спорт турларига кенг жалб этиш ва иқтидорли спортчиларнинг маҳоратини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом, медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири